Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази»да Қорақалпоғистон Республикасида ўз тадбиркорлигини бошлаш истагидаги ёшлар учун «Тадбиркорлик асослари» мавзусида уч кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтган тадбирда ёш тадбиркорлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмалари бўйича ўқитилди.

– Уч кунлик семинар бизларда яхши таассурот қолдирди, – дейди Қўнғирот туманидан Шукуржон Қуанишбоева. – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан турли мавзуларда семинарлар, муваффақиятга эришган тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Менинг бизнес ғоям мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Келажакда ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, 10 нафар ёшни иш билан таъминлашни мақсад қилдим.

– Элликқалъа тумани Думонқалъа овул фуқаролар йиғинида балиқчилик хўжалигини ташкил этдим, – дейди ёш тадбиркор Тимур Тангирбергенов. – Ўтган йили 3 тонна балиқ етиштириб, аҳолига арзон баҳоларда етказиб бердик. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, халқимизни балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан таъминламоқчимиз.

Тадбир доирасида Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларидан келган ёшлар ўз бизнес режалари тақдимотини ўтказди.

Семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқарма бошлиғи, Сенатор А.Данияров, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ф.Алламбергенов ёш тадбиркорларни муваффақиятлари билан қутлади ва уларга сертификатлар топширди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА