Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида юриспруденция таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар сони рекорд даражага кўтарилди. Мазкур олийгоҳнинг сиртқи бўлимидаги юриспруденция таълим йўналишига жорий йилда хорижий (қўшни) давлатларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётан 765 нафар талаба ўқишини кўчириб келди.

Қорақалпоқ давлат университетининг сиртқи бўлими декани Фарҳод Қутлимуратовнинг таъкидлашича, бу ҳали охирги рақам эмас, ўқишни кўчириш жараёни ҳануз давом этмоқда. 2019-2020 ўқув йилида ташкил этилган сиртқи бўлимда 18 та таълим йўналиши мавжуд бўлиб, уларнинг ичида юриспруденция йўқ. Аммо, қўшни давлатлардаги университетлардан мазкур йўналиш бўйича ўқишини кўчирганлар учун таълим йўналиши очилди.

Айни пайтда университетнинг сиртқи бўлими 3 курсида 18 та таълим йўналишида жами 4600 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Сиртқи бўлим учун ўқувлар онлайн ўтказилмоқда. 2020-2021 ўқув йилининг баҳорги семестридаги ўқув жараёнларини анъанавий тарзда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ҳаммасини бирданига чақирса, аудитория билан таъминлаш муаммо бўлиши мумкин, шу боис, курс ва таълим йўналишлари бўйича жадвал асосида навбат билан ўқитиш амалга оширилади.

Сиртқи бўлимда юриспруденция таълим йўналиши учун бир йиллик шартнома пули суммаси – 10 миллион 189 минг 950 сўмни ташкил қилади.

Университетнинг кундузги ва кечки бўлимларида ҳам юриспруденция таълим йўналишига ҳамон талабалар қабул қилинмоқда. Улар асосан имтиёзлар орқали ўқиш ҳуқуқини қўлга киритганлар саналади. Ҳозирги кунда кундузги ва кечки бўлимларга 400 нафарга яқин талабалар қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалги йилларда юриспруденция таълим йўналиши бўйича Ўзбекистонда фақат 3 та олий ўқув юртида кадрлар тайёрланар эди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида ҳам юридик факультетлар ташкил этилди.

Е.Қаноатов, ЎзА