Давлат тест марказининг интерактив хизматлар порталида тест натижаларини кўриш бўйича қўшимча имконият яратилди.

Давлат тест маркази матбуот хизматининг маълум қилишича, эндиликда тест синовларида иштирок этган талабгорлар тест натижалари эълон қилингандан сўнг my.dtm.uz сайти орқали шахсий кабинетларига кирмаган ҳолда ҳам ўз натижаларини билиши мумкин.

Бунинг учун мазкур сайтдаги “Natijani ko‘rish” бўлимига тест топшириқлари китоби рақами ва саҳифада келтирилган арифметик ифоданинг қийматини киритиш кифоя.

Унда қуйидаги маълумотлар акс этади:

*Тест топширилган фанлар;

*ҳар бир фан бўйича тест топшириқлари сони;

*ҳар бир фан бўйича тўғри жавоблар сони;

*ҳар бир фан бўйича умумий тўпланган балл;

*ҳар бир тест топшириғига тўғри ёки нотўғри жавоб берилганлиги.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, диагностик-тест синовида иштирок этган талабгорлар ҳам ўз натижаларини шу ердан билишлари мумкин.

ЎзА