Ўтган йил шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматининг ходимлари учун анча серташвиш йил келди, десак, адашмаймиз.

Юртимизда шаклланган ушбу хизматнинг инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдаги ўрни ниҳоятда муҳим эканлиги яна бир бор аён бўлди.

Жумладан, «103» хизмати 2019 йилда 10 миллионга яқин чақириқни қабул қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 11 ярим миллионга яқинлашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот берди. Шундан ўтган йилда энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва пойтахтимизда (1 миллиондан зиёд) келиб тушган бўлиб, энг кам мурожаат Навоий (355 мингдан ортиқ) ҳамда Сирдарё (384 мингдан ортиқ) вилоятларида кузатилган.

2020 йилги мурожаатлар сони ошганлигини пандемия шароити билан боғлаш мумкин. Чунки карантин даврида «COVID-19» ни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти «тез ёрдам»га қўнғироқ қилди.

Эслатиб ўтиш лозимки, тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази дастурчилар марказининг Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган ҳамкорлик лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳрида «Тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш» хизмати мутахассислари қўнғироқларни қабул қилиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш, маълумот алмашиш ва тез тиббий ёрдам бригадаларини бошқариш бўйича ўқитилди.

Янги тизимга кўра, бир маротаба олинган маълумотлар тизимда электрон тарзда бригадага тўғридан-тўғри узатилади ва бу вақтнинг бир неча маротаба камайиши ҳамда  тежалишига олиб келади. Бу тизим ўрнатилишидан аввал эса чақириқ ҳақидаги барча маълумотлар диспетчер томонидан қоғозга тушириб олинарди. Шундан сўнг, телефон орқали бригадаларни йўналтирувчи иккинчи диспетчерга айтилиб, у ҳам қоғозга юқоридаги маълумотларни қайта тушириб, бригадага шу иккинчи марта тўлдирилган қоғоз билан хабар узатар эди.

Қолаверса, янги тизим орқали чақириқдан бўш бўлган ва чақириқ манзилига энг яқин бўлган тез тиббий ёрдам бригадасига хабар узатиш имкони яратилган ва уларнинг ҳаракати онлайн кузатиб борилади.

Бундан ташқари, юртимиз бўйлаб шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматлари тизимида сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар ҳам фаолият юритиши ва лозим бўлганида, беморларга «тез ёрдам» машинаси етиб келгунича телефон орқали консультация қилиб, унинг ёнидаги инсонга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатмалар бериб, беморнинг ҳаётини қутқариб қолишга кўмаклашиши аҳоли саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда.