Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Аброрхўжа Акбарович Турдалиев Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

Унинг зиммасига кредит ташкилотлари пруденциал назорати, кредит ташкилотларида молиявий мониторингни мувофиқлаштириш ва валюта назорати, кредит ташкилотларини инспекция қилиш йўналишларини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилди.

А.Турдалиев 1979 йил Тошкент вилоятида туғилган. 2000 йили Тошкент молия институтини, 2013 йили Банк-молия академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида етакчи иқтисодчиликдан бошлаб, бош иқтисодчи, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, департамент директори ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган. Лавозимга тайинлангунга қадар эса, у Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари пруденциал назорати департаменти директори бўлиб ишлаб келаётганди.