Бугун жуда кўпчиликнинг иши бевосита банкларга боғлиқ бўлиб қолди. Кўпчилик турли кредитлар билан тижорат банкларига боғланиб қолмоқда. Бироқ, кўпчилик ана шу кредитларнинг фоизлари юртимизда баландлиги, бошқа давлатларда нисбатан пастлиги борасида фикрлар айтмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2 хонали уй-жой олиш учун 324 миллион сўм кредит зарур ва 15 йил давомида тўланган сумма 707 миллиондан ошиб кетар экан. Демак, бу кредитни ўз вақтида тўлаб бориш учун ойига 5-8 миллион сўм атрофида маош олиш керак. Ваҳоланки, бундай маош ҳаммага ҳам тўланмайди.

Айни вақтда Марказий банк кредитларни, айниқса, ипотека кредитлари фоизларини пасайтириш ёки тартибга солиш учун нималарни режалаштирмоқда?

 2020 йилда юртимиздаги банклар 127 триллион сўм атрофида кредит ажратган бўлса, унинг 9,5 триллиони айнан ипотека кредитларига йўналтирилган,– дейди Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев. – Бу янги бозор. У аҳолининг ижтимоий таъминлаш, иқтисодиётни, қурилиш ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилмоқда. Зеро, аҳолининг уй-жойга бўлган талаби йилдан йилга ошиб бормоқда.

Қайд этиш керакки, ипотека кредитлари ажратишнинг ўзига хос тартиб, қоидалари мавжуд. Мисол учун, унинг маълум қисмини субсидиялар ҳисобидан қоплаш мумкин. Сизлар ҳисоблаган икки хонали уйга берилган кредитнинг маълум қисми Осиё Тараққиёт банки ва давлат ҳисобидан қопланади.

Фоиз ставкалари нега баланд десангиз, Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиз бўлгандан кейин ипотека кредитлари 16-18 фоиз бўлиши бу табиий. Бироқ, биз ана шу фоизларни секин аста пасайтириш ҳаракатидамиз. Бунинг учун инфляцияни пасайтириш чоралари кўрилмоқда. Фоизларни паст бўлиши учун, аввало инфляция паст бўлиши керак.

2021 йилда бунга қаратилган дастурлар бор. 2023 йилга келиб инфляция бўйича асосий кўрсаткичларимиз 5 фоизга келиб қолиши кутилмоқда, шунга мос равишда кредитларнинг фоиз ставкаси ҳам пасайиб боради.

Бошқа давлатларда кредит фоизлари паст эканига келсак, Россияда охирги 4-5 йилда инфляция 4 фоиздан ошмаган. Ўтган йили пандемия ва карантин сабабли озроқ ўсиш кузатилди. Лекин ипотека кредитлари 8-9 фоиз атрофида. Бизда қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз бўлган ҳолатда фоизларнинг 18 экани мақбул ҳолат. Айни вақтда бундан камайтириб бўлмайди.

Сайёра Шоева, ЎзА