АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳокимиятни тинч йўл билан топширмасликка уруниши ва 7 январда Капитолий биносида тарафдорлари томонидан содир этилган тартибсизликлар демократлар учун муҳим дастакка айланди.
Куни кеча АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси вице-президент Майк Пенсни Трампни ҳокимиятдан четлатишга чақириб, махсус резолюция қабул қилди. Ҳозирча Пенс бу ишни қилишдан бош тортиб турибди. Лекин резолюция учун 223 нафар депутат овоз берган, 205 депутат қарши чиққан.
Ҳужжатни бир нафар республикачи ҳам маъқуллаган. Демократларнинг эса ҳаммаси резолюция қабул қилиниши учун рози.
Мазкур резолюция вице-президентни АҚШ конституциясига киритилган 25-тузатишдан фойдаланишга чақиради. Яъни, тузатишга биноан агар давлат раҳбари ўз вазифасини бажара олмай қолса, уни ҳокимиятдан четлатиш мумкинлигини назарда тутади. Бундай ҳолатда Пенс Оқ уй маъмуриятининг кўпчилик қисми томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда Трампни истеъфога чиқариб юбориши ва унинг ўрнини эгаллаши мумкин.
Демократлар агар Пенс улар айтганидек ҳаракат қилмаса, вакиллар палатасида Трампни бузғунчилик ва исён кўтаришда айблаб, унга қарши импичмент эълон қилиш билан таҳдид қилди.
Аммо, президентни лавозимидан олиб ташлаш учун сенаторларнинг учдан икки қисми овоз бериши керак бўлади. Ҳозирча сенаторларнинг кўпчилиги бунга рози эмас. Қолаверса, Конгресснинг юқори палатасида Трампга қарши айбловни кўриб чиқиш учун вақт ҳам етмаслиги мумкин. Чунки у шундоқ ҳам 20 январда Оқ уйни тарк этиши керак.
Пенснинг ўзи эса бошиданоқ президент Дональд Трампни конституциядаги 25-тузатишга мувофиқ ҳокимиятдан четлатишга қарши эканини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, мазкур тузатиш «жазолаш ва ҳокимиятни тортиб олиш воситаси бўла олмайди», агар у қўлланиладиган бўлса «бундай ҳолатларнинг яна такрорланишига йўл очиб берган бўлади».
Трампга қарши импичмент эълон қилиш таклифини табиийки, Жо Байден мансуб бўлган демократларнинг ҳаммаси маъқулламоқда. Лекин ушбу ғояни ҳатто республикачилардан ҳам айрим депутатлар қўллаб-қувватлаётгани импичмент масаласи анча жиддий тус олаётганидан дарак беради.
Масалан, Мичигандан республикачи конгрессмен Фред Аптон сенатда президент Дональд Трампга қарши импичмент эълон қилишга қўшилишини таъкидлаган.
«Конгресс президент Трампни жавобгарликка тортиши керак ҳамда бу қарор мамлакатимизда бирорта ҳам президентнинг ҳокимиятни тинч йўл билан топширилишига монелик қилишга уринмаслиги учун намуна бўлсин. Шу боис, мен импичмент учун овоз бераман», – дейилади Аптон берган баёнотда.
Республикачилар орасида Аптон каби фикрлайдиганлар оз эмас. Унинг ўзи вакиллар палатасида Трампга қарши импичмент эълон қилиш учун овоз берган республикачиларнинг тўртинчиси бўлди.
Конгресснинг вакиллар палатаси асосан демократлар назоратида. Шу боис улар чоршанба куни палатанинг навбатдаги мажлисида Дональд Трампга қарши импичмент киритишга эришишди, деб хабар қилади қўмита баёнотида.
Қўмитанинг етти нафар аъзоси “ҳа” деган, тўрт нафари қарши овоз берган.
Импичмент бўйича овоз бериш чоршанба куни бўлиб ўтиши мумкинлиги айтилмоқда.
Трампнинг президентлик ваколати 20 январда тугайди. Шундай экан, унинг импичмент орқали ҳокимиятдан кетиши демократларга нима беради?
“Гап шундаки, демократлар Трампнинг яна қачонлардир федерал лавозимларидан бирига қайта ўтириш ҳуқуқини йўқотишига эришади. Қолаверса, Трамп собиқ президент деган мақомдан айрилади. Бу дегани, уни хавфсизлик хизмати қўриқламайди, нафақа ва бошқа имтиёзлар ҳам берилмайди», – дейди Рутгерс университети профессори Рональд Чен.
Хуллас, бошда президентликни топширишни истамаётган Трамп энди лавозимидан тинчгина кета олмаслиги ҳам аён бўлиб қолмоқда. 7 январь воқеаларидан кейин Оқ уйни ўз ихтиёри билан тарк этишга рози бўлиб турган бир пайтда демократлар унга нисбатан импичмент қўллаш учун бор имкониятни ишга соладиган кўринади. Бу воқеалар республикачилар партиясининг обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА