“Sriwijaya Air” авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-500 йўловчи самолёти сувга урилганда парчаланиб кетган, дея хабар қилади “Straits Times” газетаси Индонезия транспорти хавфсизлиги бўйича миллий қўмита берган маълумотига таяниб.
«Бу ҳали якуний хулоса эмас. Дастлабки маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳаво лайнери сувга урилиши оқибатида парчаланиб кетган», — деб маълум қилган қўмитанинг ҳаво хавфсизлиги бўйича бўлими раҳбари Нуркахио Утомо.
Унинг қўшимча қилишича, агар самолёт ҳавода портлаганда эди, парчалари катта майдонга сочилиб кетган бўларди.
“Sriwijaya Air” авиакомпаниясига қарашли Boeing 737-500 йўловчи самолёти ўтган шанба куни эрталаб ҳалокатга учради. У Жакарта аэропортидан ҳавога кўтарилган ва бир неча дақиқа ўтгач радар экранларидан ғойиб бўлган, кейин Лаки ороли яқинида қулаб тушган. Индонезия қидирув-қутқарув бошқармасидан маълум қилинишича, самолёт ҳалокат сигналини ҳам бермаган. Авиакомпаниядагиларнинг маълум қилишича, ҳаво кемасида 62 нафар одам бўлган.