АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг MQ-9 Reaper жанговар учувчисиз учар аппаратлари ҳамда 90 нафар ҳарбий Руминиянинг Кимпия-Турзий шаҳридаги авиабазага жойлаштирилди, деб хабар беради АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг Европа ва Африкадаги қўмондонлиги.
«АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари маълумот тўплаш, кузатиш ва НАТО амалиётларини қўллаб-қувватлашда жосуслик ҳаракатларини бажариш учун MQ-9 Reaper ўзи учар қурилмалари ҳамда 90 нафар аскарини Руминиянинг Кимпия-Турзий шаҳридаги авиабазага жойлаштирди», – дейилади қўмондонлик сайтида.
Хабарда ўзи учар қурилмалар ва ҳарбийлар узоқ муддатга жойлаштирилгани маълум қилинди, лекин айнан қанча муддатга эканлиги айтилмаяпти.
Мазкур бўлинма Руминия ҳукумати билан келишилган ҳолда жойлаштирилди. Бу билан АҚШ Европада хавфсизлик ва барқарорлик тарафдори эканини намойиш қилиб, саъй-ҳаракатларини НАТО бўйича иттифоқчилар ҳамда бошқа европалик ҳамкорлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратаётганини кўрсатади, дейилади хабарда.
MQ-9 Reaper Американинг General Atomics компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Ушбу қурилмаларнинг тезлиги соатига 400 километрга етади. Аппарат 13 минг метр баландликда 24 соат давомида парвоз қила олади.