Африкада 1 январдан эркин савдо ҳудуди (AfCFTA) шартномаси кучга кирди. Иштирок этувчи давлатлар сони, аҳоли ва ҳудуд катталиги бўйича жаҳондаги энг йирик бирлашма саналади.

4 январдан эса унинг амалий ижроси бошланади. Гана аэропортидан биринчи транзакция ўтказилади. Чунки айнан шу мамлакатда Африка эркин савдо ҳудуди ташкилотининг котибияти жойлашган.

Шартномага киришини қитъадаги 55 мамлакатнинг 54 таси тасдиқлаган. Фақат қўшниси Эфиопия билан баҳслари туфайли Эритрея давлати мазкур ҳужжат доирасидан четда қолмоқда. Ҳозиргача битимни 34 давлат ратификация қилган. Улар сони муттасил ўсиб бораяпти.

Аввалига эркин ҳудуд режасини ўтган йилнинг июль ойида амалга ошириш кутилган эди. Бироқ пандемия бу хайрли мақсадни бироз ортга суриб юборди.

Африка иқтисодиётининг заиф диверсификацияси – янги Иттифоқнинг муҳим муаммосидир. Қитъадаги энг аҳолиси кўп бўлган Нигерия ҳам, анча вақт чўзиб, фақатгина декабрь ойида уни имзолагани ҳам бундан яққол далолат беради.

Нигериянинг иқтисодиёти асосан нефть экспортига қарам бўлиб қолган. Шу боис ҳукумат четдан арзон маҳсулотлар кириб келиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ривожига путур етказади, деб қўрқиб келаётган эди.

Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири – ўзаро савдони кучайтиришдир. Биз, Африка мамлакатлари ҳозиргача бир-биримиз билан фаол савдо алоқаларни олиб бормаймиз. Аксинча, Ғарб ва Осиё билан ҳамкорликни афзал кўрамиз”, дейди Ангола экспортчилар ва халқаро компаниялар ҳамжамияти раиси Агостиньо Капайя.

Кўрсаткичлар анча паст…

Гарчи зона беқиёс жўғрофий ва инсоний кўламга эса бўлса-да, бутун қитъанинг умумий ялпи ички маҳсулоти 3,4 триллион доллардан ошмайди. Бу кўрсаткич еврозонадан тўрт маротаба, Хитойникидан олти баробар камдир.

Бунга инфратузилманинг яхши ривожланмагани, коррупция, қуролли можаролар, ноқулай об-ҳаво ҳам жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Аммо 1,3 миллиард аҳоли яшайдиган Африка давлатлари етакчиларининг янги савдо тартибига эришганининг ўзиёқ қитъа халқларининг умумий иқтисодий макон яратиш борасидаги тарихий интилиш ва орзуси йўлида катта ютуқдир.

Африка тараққиёт банки раҳбари Акинвуми Адезинанинг ҳисоботига кўра, пандемия туфайли қитъа иқтисодиёти 3,4 фоизга қисқарди, миллионлаб ишчи ўринлари йўқотилди, истеъмол талаби ва бизнесга сармоя кескин камайиб кетди. Савдонинг янги тартиблари уни кўтаришга хизмат қилиши мумкин. 

Нигерия Президенти Муҳаммад Бухорийнинг айтишича, “Африка эркин савдо зонаси”нинг яратилиши билан 2021 йилда савдо муваффақиятли бўлади. Шунингдек, Африканинг бирлиги, тинчлик ва гуллаб-яшнаси тўғрисида қайғурган ота-болаларимизнинг коллектив орзуларининг ҳаётга татбиғи ҳисобланади. Албатта, бу келишувни бузмаслик ва суистеъмол қилмаслик учун кафолат берилиши керак”.

Ташкилот бош котиби Вамкели Мене эса битимга кирган барча давлатлар ўртасида 2035 йилга бориб, ички савдо айланмаси ҳажми икки баробар ошишини тахмин қилмоқда: “COVID-19 Африка давлатларининг хом-ашё маҳсулотлари импортига, етказиб беришнинг глобал занжирига ҳаддан ташқари қарам эканлигини кўрсатди. Қачонки, бу ҳалқа узилса, биринчи галда биз зарар кўраяпмиз. Шу сабабли қитъамиз мамлакатлари саноатни ривожлантиришни тезлаштириш учун фаол қадамларни ташлаши керак”.

Дилдора Шомуротова