Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлаган 38 ёшли дипломат аёл Нью-Йоркда, Манхеттендаги ўз хонадонида жонсиз ҳолда топилди. Бу ҳақда “New York Post” газетаси полициядаги манбасига таяниб ёзган.

Таъкидланишича, тартиб посбонлари воқеада ҳозирча жиноят изларини кўрмаган. Демак марҳум ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.

«У (марҳума — таъкид таҳририятга тегишли) 2 йилдан буён шу уйда яшарди. Атрофдагиларнинг бари қайғуда. Зеро… жуда яхши одам эди», — дейди шу бинода турли юмушларни бажариб юрадиган киши.

Газетанинг бошқа бир суҳбатдоши маълумот беришича, дипломат тўртинчи қаватдаги хонадонда якка ўзи истиқомат қилган. Шунингдек, у марҳумани безиён, оғир-босиқ, дея таърифлаган.

Шаҳар полициясидан “РИА Новости”га ҳам аёлнинг ўлими тўғрисидаги хабарни тасдиқлашди.

«2020 йил 31 декабрь, пайшанба куни маҳаллий вақт билан, тахминан, 13:40 да полиция чақириқ бўйича йўлга тушди… Ҳодиса жойига етиб борган ходимлар 38 ёшли аёл… ўз ётоғида ҳушсиз ётгани устидан чиқишди», — дейди агентлик суҳбатдоши.

Вафот этган дипломат ҳақиқатан ҳам БМТда ишлашини эса улар аниқ тасдиқлашмаган.

Мазкур уйга хизмат кўрсатувчилар қайд этишича, бу ерда ҳеч ким воқеа бундай тус олишини кутмаган.

«У бир неча йилдан буён ёлғиз яшаб келарди. Тез-тез кўчага сайр қилиш учун чиқиб турарди. Жуда хушмуомала эди», — таъкидлади манба.

Бошқа бир ходим ўша куни аёлникига меҳмон келганини ҳам айтди.

«Биз пастдан туриб қўнғироқ қилдик, аммо у гўшакни кўтармади. Шундан сўнг эшигини тақиллатдик. Афсуски, ҳеч қандай жавоб бўлмади. <…> Бу қўшнимиз ўзининг юртидан олиб келинган турли-туман, …номлари қутисига македон тилида ёзилган дорилар ичиб турарди…», — қўшимча қилган у.

Марҳума қайси давлат ваколатхонасида фаолият олиб борганига, ҳали, аниқлик киритилгани йўқ. БМТ матбуот хизмати ҳам дипломатнинг ўлими ҳақидаги ахборотни тасдиқламаган.

ЎзА