Ватанимиз тарихидаги 1 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1781 йил (бундан 240 йил олдин) – Россиядан Бухорога элчи қилиб юборилган Мендьяр Бекчурин Бухоро ҳукмдори ҳузурига киришга муваффақ бўлди. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг қайд этишича, бу воқеага тегишли ҳужжатлар ўша вақтларда Бухорода элчиларни қабул қилиш маросими ва тартиблари ҳақидаги маълумотлардан дарак беради.

Ҳужжатларда қайд қилинишича, шиғовул тўрт отлиқ кишилар билан элчини хон қароргоҳига кузатиб борган. Улар ҳар икки томонига 5 минг қўшин ва 30 минг аҳоли саф тортиб турган кўча бўйлаб юриб, қалъа олдидаги кўприкдан ўтганларидан кейин шиғовул элчининг отини етаклаб қалъа ичига кирган. Бу йўлда ҳам икки тарафда ҳукмдор саройининг нуфузли кишилари саф тортиб турган.

Ҳукмдор қабулхонасига яқинлашганда элчи отдан туширилиб, Эрон гиламлари, шолчалар ва деворлари зарҳалли парчалар билан безатилган хонага киритилган. Хонада ҳукмдор ва унинг маслаҳатчилари ҳамда дин пешволари бўлишган. Ҳукмдор оқ сувсар пўстин ва телпак кийган, ханжар таққан ҳолда унчалик баланд бўлмаган ва зарҳалли парчалар билан безатилган тахтда ўтирган. Элчиларни қабул қилишга масъул бўлган шахслардан бири жарчибоши Мендьяр Бекчуринни ҳукмдордан 3 газ масофа берида тўхтатиб, ундан ҳукмдор номига олиб келинган хатни олган.

Шундан сўнг элчини оталиқдан кейинги еттинчи ўринга ўтқизишган. Зиёфат уюштирилиб, дастурхонга палов ва қовурилган қўй гўшти келтирилган. Ҳаммага ёғоч қошиқ берилган. Бу вақтда най ва чилдирма жўрлигида қадимги аскар ва хонларнинг жасоратини мадҳ этувчи ашулалар айтилган. Зиёфат охирида ҳукмдор ва бошқа кишилар шаънига ҳам ашулалар куйланган.

Зиёфатдан сўнг Мендьяр Бекчурин шиғовул бошчилигида кузатиб қўйилган. Қабул маросимида ҳукмдор ва унинг атрофидаги амалдорлар билан ҳеч қандай музокара бўлмаган. Шунинг учун ҳам элчи ҳукмдор ва бошқа давлат арбоблари билан суҳбат ўтказилишини бир неча маротаба сўраган. Бироқ унинг бу илтимослари инобатга олинмаган.

1885 йил (бундан 136 йил олдин) – Тошкент почта идораси мижозлардан телеграммалар қабул қилишни бошлади.

1887 йил (бундан 134 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлигининг Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоятларида статистика қўмиталари тузилди.

1920 йил (бундан 101 йил олдин) – маърифатпарвар, шоир Ҳожи Муиннинг ташаббуси билан “Меҳнаткашлар товуши” газетасига илова сифатида “Таёқ” номли кулги журнали таъсис этилди. Самарқанддан Садриддин Айний ва Саидризо Ализода, Тошкентдан Ғози Юнус, Намангандан Рафиқ Мўминий журналнинг фаоллари бўлган.

1921 йил (бундан 100 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов таваллуд топди. У 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1996 йилда “Дўстлик”, 1998 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

1922 йил (бундан 99 йил олдин) – Бухоро республикаси Иқтисодий кенгашининг ташаббуси билан матбаа усулида қоғоз пуллар чиқарилиб, у танга деб юритилган. Бироқ инфляция туфайли 1922 йил апрелдан танга курси 500 минг червон (тилла пул), ноябрь ойида 850 минг червон ниташкил қилган. 1922 йил 5 декабрдан 1000, 2500, 5000 сўмлик қоғоз ақчалар чиқарилиб, у сўм деб юритилган.

1931 йил (бундан 90 йил олдин) – ҳайкалтарош, Ўзбекистон халқ рассоми Абдумўмин Бойматов дунёга келди. У “Абу Али ибн Сино” (ёғоч, 1967), “Ал-Хоразмий” (ёғоч, 1972), “Ал-Форобий” (гипс, 1974), “Алишер Навоий” (бронза, 1991) каби маҳобатли ёдгорликлар муаллифи.

1973 йил (бундан 48 йил олдин) – Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувлари рангли тасвирда берила бошланди.

1991 йил (бундан 30 йил олдин) – ҳафтада беш марта, ўзбек ва рус тилларида чоп этиладиган “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг биринчи сони чиқди.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини расман тан олди. Шу йилнинг 21 февралида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Натижада 1993 йил июнда Тошкентда Малайзия элчихонаси, 1999 йил декабрда эса Куала-Лумпурда Ўзбекистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлади.

2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Янги 2001 йилнинг 1 январь куни, Гринвич вақти билан соат 00 да, Ер куррасида учинчи минг йиллик бошланаётган пайтда тошкентлик мактаб ўқувчиси 12 ёшли Анастасия Мельникова зўр мушакбозлик садолари остида планетамизнинг Жанубий қутби узра Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг зангори байроғини кўтарди.

Орадан бир неча лаҳза ўтгач, Янги йилнинг дастлабки дақиқаларида кўтарилган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳам ҳилпирай бошлади. Юртимиздан жуда олисдаги Антарктиданинг муз босган кенгликларида серқуёш Ўзбекистон мадҳияси тантанавор янгради.

Бу улуғвор воқеа БМТнинг Антарктидадаги Халқаро лойиҳаси “Дунёни наркотик моддалардан халос этамиз” шиори остидаги “Истиқболли дунё – янги минг йиллик йўли” лойиҳасининг якунловчи босқичи бўлди. Ватандошларимиз Американинг Ўзбекистонда машҳур бўлган “Ай-Пи-Ви-Ньюс” телекомпанияси экспедиция гуруҳи таркибида муз қитъасига борган эдилар.

2004 йил (бундан 17 йил олдин) – юртимизда “Спорт” телеканали ўз фаолиятини бошлади.

2008 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси бекор қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади