Ватанпарварлик ойлиги

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ва бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Нукус шаҳридаги 10-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчиларини Янги йил байрами арафасида табриклади.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Меҳр ва саховат инсоннинг кўрки, зийнати ҳам. Ватанимизда бир тану, бир жон бўлиб яшаб келаётган турли миллат ва элат вакиллари меҳр-саховатни азалдан қадрлаб, инсонийликнинг энг олий фазилати деб билади, уни юксак эъзозлайди.

Жисмоний имконияти чекланган ва кўриш қобилиятида нуқсони бор болалар тарбияланаётган ушбу мактаб-интернатда Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари билан турли мавзуларда учрашувлар ўтказилиши анъанага айланган.

Мактаб-интернат 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 240 нафар ўғил-қиз тарбияланиб келмоқда. Уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши мақсадида ҳамда амалий ёрдам бериш учун таълим муассасасида жонкуяр ва фидойи 90 нафар ўқитувчи ва 72 нафар тарбиячи фаолият юритади.

Қувончга тўла тадбир давомида қўмондоннинг болажонларга йўллаган байрам табриги, дил изҳорлари, албатта, тарбияланувчиларда мана шундай кўкси қалқондек мард ва жасур акалари борлигидан фахр ва ғурур туйғусини янада шакллантиришга хизмат қилади.

“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида ҳарбий санъат усталарининг байрамона концерт дастури намойиш этилди.

Болажонларнинг энг севимли Янги йил байрами қаҳрамонлари – Қорбобо ва Қорқизнинг кириб келиши, тарбияланувчиларнинг қувончига янада қувонч бағишлади.

Эртак қаҳрамонлари ва барча йиғилганларга эзгу тилаклар, Янги йил ҳақида шеърлар айтган болажонлар Қорбобонинг байрам совғалари билан сийланди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларнинг қалбини илиқ таассуротлар билан тўлдириб, яқинлашиб келаётган байрам қувончини янада жўш урдирди.