Бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил билан бир-бирларини самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Суҳбатда икки томонлама алоқалар ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг биринчи галдаги вазифалари белгиланди.

Барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Давлат раҳбарлари бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар. Мамлакатимиз етакчиси биродар Тожикистон Президентига 2021 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликда муваффақият тилади.