Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бугунги Мурожаатномасида мулк ҳуқуқи дахлсизлиги, айниқса тадбиркорлар  манфаатлари ҳимоясини таъминлаш масаласига эътибор қаратилди. Хусусий мулкка асоссиз равишда дахл қилиш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда мулк ҳуқуқи дахлсиз бўлиб, бу мутлақ ҳуқуқ қонун билан қўриқланади. Мулкдор, қонун ёки мулкдор ўзи билан шартномада назарда тутилган ҳаракатлардан ташқари, ўзининг мулкига ҳар қандай таъсирни тақиқлаб қўйиш ёки истисно қилишга ҳақли. Мулкдор ўз манфаатларида мулкидан эркин равишда фойдаланади.

Фикримизни иқтисодий судда кўрилган иш мисолида келтирсак. Туман ҳокимлиги судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Б” хусусий корхонасига нисбатан қўшни “А” кичик корхонаси  томонидан муқаддам қурилган бинонинг дераза ойналарини тўсган ҳолда оралиқ масофасини сақламасдан қурилаётган 100 м2 ўлчамдаги деворни бузиш ва ер майдонини ўз ҳолатига келтиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъво аризани қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилинган. Аммо Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан апелляция инстанцияси судининг қарори бекор қилинган ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.

Иш ҳужжатларига кўра, умумий ер майдони 3 000 м2 бўлган бино ва иншоотлар олди-сотди шартномасига асосан кимошди савдосида жавобгар томонидан сотиб олинган.

Туман ҳокимининг қарори билан мулк жавобгарга доимий фойдаланиш учун берилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган.

Вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан берилган хулоса билан жавобгарга ушбу ер майдонида жойлашган бино ва иншоотларни қайта реконструкция қилишга рухсат берилган.

Жавобгар томонидан доимий фойдаланишдаги ер майдонида  қурилиш юзасидан бош режа лойиҳаси ишлаб чиқилган ва у вилоят ва туман бош архитекторлари, туман давлат санитария ва эпидемиология бош врачи, туман ИИБ ЁХБ бошлиғи билан ўзаро келишиб, рухсат олинган ҳолда тасдиқланган.

Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, жавобгарга тегишли ер майдони 3 000 м2, жами қурилиш ости майдони 2 000 м2, фойдали майдони 1 500 м2дан иборат.

Иш ҳужжатларида низоли объектнинг ўзбошимчалик билан қурилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Аксинча амалга оширилаётган қурилиш бўйича тегишли рухсат этувчи ҳужжатлар мавжуд.

Апелляция инстанцияси суди нотўғри хулосага келганлиги судлов ҳайъати томонидан эътироф этилган ва қабул қилинган қарор бекор қилиниб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.

Шу мисолдан ҳам кўришимиз мумкин-ки, мулкдор ўзига берилган ер майдонида тегишли рухсат олган ҳолда бино-иншоотларни жойлаштирган. Агар у қўшнининг ер майдонига ўтиб кетган ҳолда бино қурганида, бу, табиийки, қўшнининг ҳуқуқини бузиш ҳисобланар эди. Бунга эса қонуний баҳо берилар эди.

2020 йилнинг 11 ойида иқтисодий судлар томонидан ўзганинг ер майдонида ёки ўзига тегишли бўлса-да, тегишли рухсат этувчи ҳужжатларсиз қурилган бино-иншоотларни бузиш тўғрисида берилган даъво аризалариннг 391 таси иш юритишга қабул қилинган.

Уларнинг 191 таси бўйича даъво талаблари исботланиб, жавобгарлар ўзбошимчалик билан бино-иншоот ёки қурилма қурганликлари тасдиғини топган. Даъво талаблари қаноатлантирилган ҳолда, ўзбошимчалик билан қурилган бинони бузиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

49 ҳолатда эса даъво талаблари асоссизлиги, қурилган бино тегишли рухсат этувчи ҳужжатлар асосида қурилгани аниқланиб, даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Иқтисодий процессуал кодексининг тегишли моддаларига асосан 87 иш бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, 64 иш бўйича иш юритиш тугатилган. Қаноатлантирилган ишларнинг салмоқли қисми Тошкент вилояти (91 иш) ва Жиззах вилоятига (48 иш) тўғри келган.

Шунингдек, турли асосларга кўра ер майдонлари олиб қўйилиши натижасида мулкдорларга етказилган компенсация тўловларини ундириш билан боғлиқ 81 иш кўриб чиқилган. Улар бўйича мулкдорларга 94 миллиард сўм компенсация тўловлари ундириб берилган.

2020 йил 11 ойида ер ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш юзасидан 209 даъво аризаси қабул қилинган. Уларнинг 114 тасида жавобгарлар ер майдонидан мақсадсиз ёки самарасиз фойдалангани, ер ижараси шартномасини бекор қилишга олиб келадиган ҳолатларга йўл қўйилгани ўз тасдиғини топган ва даъво қаноатлантирилиб, ер ижараси шартномалари бекор қилинган.

Судда кўрилган бу ишларнинг 49 тасида эса туман ҳокимликлари томонидан асоссиз даъво қўзғатилгани туфайли даъвони қаноатлантириш рад этилиб, фермер хўжаликларининг ҳуқуқи судда  ҳимоя қилинган.

Қобилжон Комилов,

Олий суд судьяси.

ЎзА