Нукусда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Оролбўйида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Э.Турсунов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари М.Ҳасанова ва Д.Мамаджонова нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда турли соҳаларда 10462 дан зиёд нодавлат нотижоарт ташкилоти, 2200 дан ортиқ диний ташкилот ва 2000 яқин оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини кенг оммага етказиш ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида 60 дан зиёд оммавий ахборот воситаси, ўзларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда фаолиятининг доимийлигини таъминлаш учун 100 дан ортиғи тадбиркорлик субъектини таъсис этган. Ҳозирда 20 миллиондан ортиқ фуқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзоси ҳисобланади.

Соҳага оид 200 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлса, шундан охирги икки йилда қабул қилинган ҳужжатлар асосида нодавлат нотижорат ташкилотларга Адлия органлари билан боғлиқ барча хизмат ва алоқаларни электрон шаклда амалга ошириш имконини берувчи E-ngo.uz сайти синов режимида ишга туширилди. Ҳудудларда ижара тўловисиз жойлаштириладиган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» ташкил этиш белгиланди. Фаоллар учун «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги «Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устудан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгаришлардаги фаолигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади, бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатиши мажбурийлиги белгиланган.

–Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад нодавлат нотижорат ташкилотларининг муаммоларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўришдан иборат, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими бош маслаҳатчиси Эзиз Гайипов. – Шунингдек, Оролбўйида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг таклифларини ўрганиш бўлиб ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА