"PISA-шок" нима? У Ўзбекистонда ҳам рўй бериши мумкинми?

Ўзбекистон 2021-2022 йилларда илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича «PIRLS», «PISA» ва бошқа халқаро тадқиқотларда иштирок этади.

2000 йилдан буён ҳар 3 йилда ўтказиб келинаётган, 2022 йилда 90 га яқин давлат иштирок этиши режалаштирилаётган «PISA» тадқиқотларида 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги, математика ва табиий фанлар йўналишлари бўйича билимига баҳо берилди.PISA тадқиқотларида ўқувчи дастурни ўзлаштирганлиги эмас, балки билим ва кўникмаларни ҳаётда қай даражада қўллай олиши баҳоланади.

Таъкидлаш жоизки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ташкил этилган «PISA» халқаро тадқиқотлари дунё бўйича умумий ўрта таълим тизимига оид энг нуфузли ахборот манбаларидан бири ҳисобланади.

Муҳтарам Президентимиз жорий йил Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам мазкур тадқиқотларга тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида тўхталиб, ўқитувчилар малакасини ошириш, бунда илғор хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берган.

Маълумки, ушбу тадқиқотларда илк маротаба иштирок этган давлатлардаги таълим сифати ўзларида мавжуд миллий воситалар орқали юқори баҳоланиб келган.

«PISA» натижалари эса улар кутгандан кўра анча паст бўлгани учун ҳам ушбу ҳолат «PISA-шок» (кутилмаган натижа) деб номланади.

Хусусан, 2000 йилда «PISA»нинг биринчи натижалари германиялик ўқувчиларнинг бошқа мамлакатлардаги тенгдошларига нисбатан билим даражаси пастлигини кўрсатган. Яъни ушбу мамлакат 2000 йилда 32 та давлат ўртасида 25-ўринни эгаллаган ва бу ҳолат «PISA-шок» деб номланган.

Шундан сўнг, Германия таълим соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган ва таълим сифатида ўсиш кузатилган.

Германиялик ўқувчилар 2006 йилда ўтказилган тадқиқотларда 57 та давлат ўртасида 14-ўринни, 2015 йилда 71 та давлат ўртасида 13-ўринни ҳамда 2018 йилда 79 та давлат ўртасида 17-ўринни эгаллади.

photo_2020-10-11_19-07-56.jpg

Халқаро тадқиқотларга муносиб тайёргарлик кўришда бир пайтлар «PISA-шок»ни бошидан ўтказган ва таълим сифатини яхшилаш бўйича ўз вақтида амалга оширилган ислоҳотлар сабаб, бугунги кунда ушбу тадқиқотларда юқори натижаларни қайд этиб келаётган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим ҳам аҳамият касб этади.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 9 октябрь куни Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан Бремен Университети (Германия), Техника ва тaълим институти касб-ҳунар ва меҳнат бозори лойиҳалари координатори Акромжон Маткаримов иштирокида “Германияда “PISA-шок” дастури ва унинг таълим тизимига таъсири” мавзусида халқаро онлайн вебинар ташкил этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Таълим инспекцияси таълим сифати баҳолаш ва назорат қилиш бўйича илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш мақсадида чет элда илмий-тадқиқот олиб бораётган ва меҳнат қилаётган малакали ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, ҳамюртимиз Акромжон Маткаримов ҳам 10 йилдан буён Германия илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиб келаётган бўлиб, ушбу ривожланган мамлакатнинг тажрибалари ўрганиш ва тадқиқ қилишда яқиндан ёрдам бермоқда.

Вебинарда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган таянч мактабларнинг тренер ўқитувчилари ва мактаб маъмурияти ҳамда таълим сифатини баҳолаш бўйича фаолият олиб бораётган 500 дан ортиқ мутахассис ходимлар иштирок этди.

Вебинар давомида Акромжон Маткаримов Германияда мактаб таълим тизими, таълимнинг самарадорлиги, Германиянинг «PISA» тадқиқотидаги натижалари, “PISA-шок” дастури ва давлат таълим сиёсати, «PISA» тадқиқотининг миллий таълим тизимига таъсири ҳақида маълумот берар экан, ушбу тадқиқотнинг бош мақсади ҳақида шундай деди:

«PISA»– бу аввало иқтисодий лойиҳа. Яъни мамлакатда келажакда иқтисод ривожланиши учун ҳозирги таълимнинг ҳолати инобатга олинади. Бунда ўн, йигирма ва ўттиз йиллардан кейин ҳозирги авлод билан давлат қандай натижаларга эришади. Келгусида аҳоли сони ошиб бориши, ер ресурслари камайиб боришига ҳозирги ўқувчиларимиз қай тарзда мослаша олиши, муаммоли вазиятлардан чиқиш бўйича ўз билим ва кўникмаларни қай тарзда қўллай олиши баҳоланди»

Германия тажрибаси билан танишган ўқитувчилар вебинар ўтказилаётган дастурнинг муҳокама гуруҳига мавзу бўйича ўз саволларини ҳамда фикр-мулоҳазаларини юборишди.

Хусусан, ўқитувчилар Германияда ўқитувчиларнинг малака ошириш тизими қандай йўлга қўйилгани ва унинг самарадорлиги, синфларда ўқувчилар сони, ўқувчиларни мактабдаги вазифаларни бажаришда ота-оналарнинг роли, ўқув адабиётларининг хилма-хиллиги билан қизиқдилар.

Шунингдек, иштирокчи педагоглар саволларга берилган жавоблардан келиб чиқиб юртимизда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик тўсқинлик қилаётган муаммолар сифати малака ошириш тизими самарали йўлга қўйилмагани, ўқув адабиётлари сони камлиги, айрим фанлар бўйича фақат дарслик билан чекланиб қолинаётганлиги, электрон дарсликлар камлиги, мактабларда ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва реактивлари етишмаслиги, масофавий таълим бўйича миллий электрон платформалар йўқлиги каби мавжуд муаммоларни санаб ўтишди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш орқали Ўзбекистонда ҳам «PISA-шок» юзага келишининг олдини олиш мумкинлиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоиз, «PISA» – бу нафақат таълим тизимининг аҳволи, балки аҳолида асосий компетенциялар шаклланганлик даражаси, унинг замонавий жамият муаммоларини ечишга тайёрлиги, ўзбек давлати ва таълимининг глобал рақобатбардошлигини ўрганади. Инвестор учун «PISA» натижалари мамлакатнинг сармоявий жозибадорлиги даражасидир. Инсон капитали сифати бугунги кунда илмий-техник тараққиёт даражаси билан боғлиқ муаммоларга жавоб беради.

 

ЎзA