Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, атоқли ёзувчи-шоирлар, Аллаяр Досназаровнинг қариндошлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дарҳақиқат, мустабид тузум даврида юртимиздаги минглаб бегуноҳ инсонларнинг “халқ душмани” сифатида ноҳақ жазоланганини, қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолганини инкор қилиб бўлмайди.
Мана шундай ноҳақ жазоланган, халқимизнинг фидойи фарзандларидан бири, атоқли давлат ва жамоат арбоби Аллаяр Досназаровдир. Ўзининг қисқа умри давомида у чуқур билим ва тажрибаси, етук ташкилотчилик қобилияти, ватанпарварлиги билан жамоатчилик орасида кенг танилиб, эл орасида катта ҳурмат ва обрўга эришди. Айниқса, унинг Қорақалпоғистон Автоном областини тузишдаги алоҳида меҳнати, халқимизнинг миллий хусусиятларини аниқлаш масалаларидаги ташкилотчилик қобилияти, миллий-давлат чегараларини белгилашдаги жонкуярлиги, шунингдек, маънавиятимизни ва маърифатимизни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизмати билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
А.Досназаровнинг номини абадийлаштириш, унинг халқимиз учун қилган меҳнатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида бир қатор эзгу ишларни амалга оширилиши белгилаб олинди.
Аллаяр Досназаров бюсти тантанали ривишда очилиб, унинг пойига гуллар қўйилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этди ва нутқ сўзлади.