Эл оғаси ҳақида баллада

Замон дарди билан йўғрилган ижод намуналари бамисоли тандирдан узилган иссиқ нонга ўхшайди. Унинг тафтини китобхон ҳис этиб туради.

Қорақалпоғистонлик таниқли шоир Янгибой Қўчқоровнинг «Элнинг оғаси» балладаси ўзида кеча ва бугунги кун руҳини уйғунлаштиргани билан ўқувчини жалб этади.

Шоир балладани Қорақалпоқ элининг Оғаси, халқимизнинг ардоқли фарзанди Муса Ерниязов хотирасига бағишлайди.

«Қорақалпоқ заминида, мислсиз Орол ҳалокати юз берган бир ўлкада яшаб, меҳнат қилиш бу ҳақиқий қаҳрамонликдир. Муса Ерниёзов ана шундай қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди. Шоирларимиз бу киши ҳақида асарлар ёзади» деган эди Президентимиз марҳумнинг маъракасида.

Янгибой Қўчқоровнинг бу асари ўша даъватга жавоб ўлароқ дунёга келди.

Балладада қорақалпоқ халқининг олис, яқин тарихи, босиб ўтган шонли йўли, Муса оға бошлаган, амалга оширган катта ишлар, бугунги обод ва эркин Қорақалпоғистон ҳаёти қилинади.

Қуйида асардан намунани эътиборингизга ҳавола этамиз.

… Мустақиллик халқимизни озод айлади,
Юртимизни ҳам фаровон, ҳам шод айлади.
Шаҳар, қишлоқ чирой очди, йўллар бўлди соз,
Бу ишларга қанот берди мард Уббиниёз.

Доим очиқ чеҳрасидан тараларди нур,
Юксалишга ўз ҳиссасин қўшолди Тимур.
Раисликка Муса оға қадам қўйган дам,
Оролбўйи яшарди ва яшнади чунон.
Дарё сувга тўлди, юртнинг номи мўл бўлди,
Таниб бўлмай Нукусни, тўрт тараф гул бўлди.

Бийдай чўлда қад ростлади гўзал Элобод,
Устюрт отлиғ достонга кўрк, ғазал элобод.
Муса оға! Сиз бош бўлиб кўп бино қурдик,
Тўрт-беш ойда Ромитанга рельсдан юрдик.
Бу оламда асил ҳурмат олинмас сотиб,
Неча бора дастурхондан бирга туз тотиб,
Қирқ йил сизга ини бўлдим келгунча қўлдан,
Шу эл билан одим отдик нурафшон йўлдан.

Бугун ёдга тушмоқдадир ўгитларингиз,
Ҳурматга сий қўшмоқдадир ўгитларингиз:
“Иним! Икки устозингдан дуо ол доим,
Бири Тўлепберген, бири шоир Ибройим!”
Ошиқ Аёз тўпламини келтирсам Шошдан,
Чеҳрангиз нур олгандайин сахий қуёшдан,
Бағрингизга босиб, раҳмат айтдингиз кулиб,
Яшардингиз саховатга Жайҳундек тўлиб…

…Қалб буюрган каломларни ёзмасам бўлмас:
Сиздек зотлар Муса оға, ҳеч қачон ўлмас!
Руҳингиз тинч бўлсин, сароб бўлмас орзулар,
Аллоҳ берса Оролга ҳам келар мўл сувлар.
Тебинбулоқ конларини ўзлаштирамиз,
Кўп режалар рўёбини тезлаштирамиз.
Юрагида яшагайсиз ҳар бир он халқнинг,
Чин қаҳрамон етакчиси қаҳрамон халқнинг!

ЎзА