Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  еттинчи ялпи мажлиси тўғрисида  АХБОРОТ

2020 йил 11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борган ушбу ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Парламент юқори палатаси аъзолари томонидан 16 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди.

Дастлаб Сенат аъзолари томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек, “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизнинг юқоридаги тоифага мансуб вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига солиштирганда бу тоифа ҳамюртларимизга қатор янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратмоқда.

Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади.

Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, хусусан, уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.

Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.

Ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг глобаллашуви тез чуқурлашаётган, хўжаликлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган шароитларда миллий ва халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий омилларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил ва суд маҳкамасидан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Муҳокамада акс этганидек, Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланаётган асосий мақсад – низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби масалалар эканлиги таъкидланди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон яратилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра Сенат аъзолари “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.

Қонун, аввало, ижтимоий ҳаётимизда баъзан учраб турадиган, табиатимизга ёт бўлган, ёшларимизнинг соғлом вояга етишларига ножўя таъсир кўрсатадиган ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик каби инсон хулқ-атворига зид иллатларни бартараф этишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятга молик.

Қонунда биринчи навбатда психоактив моддаларнинг тарқалишига ва нотиббий истеъмол қилинишига, шу жумладан, алкоголни суиистеъмол қилиш сабаблари ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ижтимоий, маърифий ҳамда тиббий-психологик тадбирлар комплексини амалга ошириш кўзда тутилган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари наркологик касалликларга чалинган, шу жумладан, ғайриижтимоий хулқ-атворга мойил шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширишда ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига кўмаклашиши белгиланган.

Қонунда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан йигирма кунлик муддатда, ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилиниши кўрсатиб қўйилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат органлари даволаниб чиққанларни ишга жойлаштириш ҳамда маиший турмушга мослашишида кўмаклашиш ҳуқуқий мустаҳкамланди.

Қонунга кўра, давлат амбулатория ва стационар шароитларда бундай беморларга маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитациявий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.

Наркология диспансерлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида ташкил этилиши, қолаверса, амбулатория шароитларидаги наркологик ёрдам туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилган наркология кабинетлари томонидан кўрсатилиши белгиланган.

Сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллик ижроси “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда белгиланган бюджет параметрлари доирасида ҳамда Президентимизнинг коронавирус инфекциясига қарши курашиш, глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш юзасидан қабул қилинган фармон ва қарорлари, қолаверса, Ҳукумат ва Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган.

Дунё миқиёсида кечаётган глобал ўсиш суръатлари пасайиши жараёнининг мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир этиши натижасида 2020 йил биринчи ярим йили якунига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 255,3 триллион сўмни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджет 2020 йил биринчи ярим йили даромадлари 71,6 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 28,8 фоиз, харажатлари эса 80,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32,4 фоизни ташкил этган.

Мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик даромадлари 58,2 триллион сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрларга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилган. Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга кўп маблағ туширилишига эришилган.

Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллиги харажатлари 64,9 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга ошган. Натижада 23,1 триллион сўм миқдоридаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда 5 триллион сўм миқдоридаги иш ҳақига нисбатан ажратмалар тўлиқ ва муддатида молиялаштирилган.

Қолаверса, ўтган 6 ой давомида иқтисодиёт харажатларига Давлат бюджетидан 9 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 13,9 фоизи, инвестиция харажатларига эса 6 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 9,2 фоизи сарфланган.

Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш, нафақа ва моддий ёрдам тўловлари, иқтисодиёт ва инвестиция харажатларининг ўсиши юқори бўлишига мамлакатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва пандемия шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари бўйича амалга оширилган харажатлар асосий омил бўлган.

Хусусан, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5,6 триллион сўмлик коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш бўйича тадбирлар молиялаштирилган.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида маҳаллий бюджет маблағларини мустақил бошқаришни мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, маҳаллий ҳокимликларни маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йилида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар прогнози жами 10,2 триллион сўм этиб белгиланган ва режа амалда 12,9 триллион сўмга ижро этилган. Бунда асосан ҳудудларда янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, кам қувватли корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги ва қўшимча иш ўринларини яратиш ва легаллаштириш, солиқ қарзини қисқартириш, камерал ўрганишлар ўтказиш орқали белгиланган прогноз режалар ижроси таъминланган.

Мажлисда маҳаллий бюджетларнинг ҳудудлар бўйича умумий даромадлар прогнози бажарилган бўлса-да, аммо айрим солиқ турлари бўйича белгиланган режа-топшириқлари бажарилмагани таъкидланди. Жумладан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига маҳаллий бюджетларга солиқлардан қарздорлик 2,9 триллион сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 112 миллиард сўмга ошган. Маҳаллий бюджетларнинг Давлат бюджети даромадларидаги улуши 22,1 фоизни, унинг жами харажатлардаги улуши 31,1 фоизни ташкил қилган.

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг тарқалиши, карантин чораларининг қўлланилиши натижасида маҳаллий бюджетлар харажатларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилгани таъкидланди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлар харажатларидан қарийб 1 триллион сўмга мақбуллаштирилган. 2020 йилнинг 27-28 апрель кунлари кучли шамол оқибатида Бухоро вилоятида зарар кўрган аҳоли ва иқтисодий-инфратузилма объектларига 164 миллиард сўм ҳамда 1 май куни “Сардоба сув омбори” тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш харажатларига жорий йилнинг ярим йилида 500 миллиард сўм қўшимча маблағлар йўналтирилган.

Қолаверса, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 10 фоизга оширилган. Ушбу тадбирлар натижасида, жорий йил якунига қадар ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олувчилар сони 657,8 минг (+ 60,3 минг) та оилани ташкил этиб, уларга қўшимча нафақаларни тўлаш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 211,8 миллиард сўм маблағ назарда тутилган бўлиб, шундан 91,3 миллиард сўм молиялаштириб берилган.

Шунингдек, ҳисобот даврида аниқланган камчиликларга эътибор қаратилди. Жумладан, аниқланган қўшимча даромадларга нисбатан 51,7 миллиард сўмлик маблағларнинг бюджетга ундирилиши таъминланмаган.

Шу билан бирга, пандемия шароитида маҳаллий бюджетлар даромадларининг ўз муддатида тушмаганлиги натижасида юзага келган вақтинчалик касса узилишининг олдини олиш ҳамда белгиланган харажатларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларга республика бюджетидан 626 миллиард сўм бюджет трансфертлари ажратилган.

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида 7 669 та микрофирма, кичик корхона ва ЯТТларнинг мол-мулк, ер ва сув солиғини 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириб тўлаш учун 132,7 миллиард сўм имтиёзлар берилган.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда кутилган натижаларни бермаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари самарали фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига киритилаётган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилмоқда.

Бунда Котибиятлар юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши, Котибият тузилмаси, штатлар, ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек, уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда қайд этилганидек, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши билан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланишига эришилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Парламентга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, вакиллик ҳокимияти ижро ҳокимиятидан ажраган ҳолда фаолият кўрсатиши ғоясини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ер кодексига, шунингдек, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мамлакатимизда мавжуд ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, унумдор ҳудудлар ва ўрмон фондини муҳофаза қилиш нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки экологик нуқтаи-назардан муҳим ва долзарб ҳисобланади. Шу жиҳатдан мазкур Қонун ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг самарасини таъминлаш, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган.

Хусусан, унда инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек, лалми ерлар ва ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини ижарага беришнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда.

Яна бир жиҳат. Қонунда ерни ижарага бериш шартномаси муддатидан илгари бекор қилинса, ижарачи шартномада назарда тутилган муддат якунига қадар ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Қонун, аввало, одамларда ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши, қораверса, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиш борасидаги долзарб вазифаларнинг амалга оширилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра Сенат аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.

Қонун билан 17 та қонунга, хусусан, 8 та кодекс ва 9 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Божхона кодекси ва Солиқ кодекси шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, мазкур Қонун билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан ҳимоя ордери таъсис этилган эди. Лекин ушбу ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажармаганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик масаласи очиқ қолган. Шу боис тазйиқ ўтказишга ва (ёки) зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди ва бу чекловларнинг бажарилишини яна бир бор кафолатлади.

Ўз ўрнида “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун янги банд билан тўлдирилиб, унга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Шунингдек, киритилаётган ўзгартиришларга кўра Жиноят кодексининг “Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш” учун жавобгарлик белгиловчи модданинг тегишли қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра жабрланувчи тараф нафақат ёш боланинг онаси, балки парвариш қилаётган унга яқин бошқа шахс ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.

Халқаро шартномаларда бошқача шартлар келишилмаган бўлса, хорижий ташувчиларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида юк ва йўловчиларни республикамиз ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш (каботаж) тақиқланган. Шу сабабли Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланган янги модда билан тўлдирилмоқда.

Давлат экология қўмитаси инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг кўрсатмаларини бажармаслик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг кўплаб учраётганлигини ҳисобга олиб, жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тегишли янги модда билан тўлдирилмоқда.

Юқорида киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга ва ўз навбатида давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шудан сўнг кун тартибидаги навбатдаги масала – “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Президентнинг ушбу қарорига айрим қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида жами 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 42, 98 ва 103-моддаларига киритилаётган ўзгартишларга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишишни назарда тутадиган функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда. Натижада сув ва сув объектларидан фойдаланиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эркин олиб бориш учун ортиқча бюрократик тўсиқ олиб ташланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 6 ва 291-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Кодекснинг 6-моддаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарорлар қабул қилиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари чиқариб ташланмоқда.

Яъни жамоат тартибини сақлаш масалалари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офат ва эпидемиялар билан курашиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Оқибатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида коррупциявий ҳолатни келтириб чиқарувчи дискрецион ваколатга чек қўйилади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 291-моддасига, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилмоқда.

Эндиликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу билан фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади. Бу эса фуқароларга нисбатан жазо базасини қисқартирган ҳолда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Кодекснинг 80-моддасидан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада фуқаролар томонидан меҳнат шартномаларини тузишда ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, сансалорликларга чек қўйилади.

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг
13-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимият органларининг атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш назарда тутувчи функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда. Оқибатда маҳаллий давлат ҳокимият органларининг ўзига хос бўлмаган функция ва ваколатлари бекор бўлади ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини тўлақонли ташкил этилиши таъминланади.

“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 34 ва 45-моддаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш бўйича функция ва вазифалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига ўтказилмоқда. Натижада ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашуви қисқартирилади.

Қолаверса, Уй-жой Кодексининг 111-моддасида мулкдор, ижарага олувчи, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзосининг турар жойни алмаштириш тўғрисидаги аризасига илова қилиши лозим бўлган ҳужжатлардан турар жойда яшаётган шахслар кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома талаб қилиш бекор қилинмоқда.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 117-моддасидан фуқаролар томонидан сақлаш гувоҳномаси (брон) бериш тўғрисидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар таснифидан ҳам яшаш жойидан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада турар жойларни алмаштириш ва сақлаш гувоҳномаси (брон) беришда фуқаролардан яшаш жойидан маълумотнома талаб этилмайди.

“Ўрмон тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Бунинг оқибатида тадбиркорларнинг фаолиятига давлат ҳокимияти органлари томонидан аралашуви қисқартирилади.

“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс томонидан аризасига илова қилинадиган ҳужжатлардан яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органидан олинадиган маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Бунинг натижасида васий ва ҳомий бўлиш истагини билдирган фуқароларга қулайлик яратилади.

“Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмидан назорат остидаги шахснинг қаердалиги аниқланмаган тақдирда ички ишлар органи назорат остидаги шахснинг турар жойи ва етиб келмаслик сабабларини аниқлаш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги ҳужжатлардан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи томонидан бериладиган маълумотнома бекор қилинмоқда. Натижада ички ишлар органларининг иш юритувини соддалаштиришга имкон яратилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 69, 78-моддаларига ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонунининг 18, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ, “Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг Қарори тасдиқланди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил май ойида Зангиота ва Сергели туманларига ташрифи давомида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган учрашувда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф Президентимиз томонидан илгари сурилган эди. Ушбу таклиф жорий йил июль ойида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш масаласи халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Кенгашлари томонидан маъқулланган.

Янгидан барпо этилаётган Янгиҳаёт туманига Тошкент шаҳридан 2 131,2 гектар ҳамда Тошкент вилоятидан 2 288,4 гектар, жами 4 419,6 гектар ер майдони ажратилиб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари мувофиқлаштирилмоқда.

Бу билан Янгиҳаёт туманида 115 та саноат корхонаси, 277 та хизмат кўрсатиш корхонаси, 1 148,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ва 388,8 гектар аҳоли томорқа ерлари назарда тутилган.

Қайд этиш жоизки, янги ташкил этилаётган туман Тошкент шаҳар бўйсунувидаги туманлар тоифасига киритилиб, аҳолиси 147 минг нафарни ташкил этиб, шаҳар аҳолисининг 5,8 фоизини қамраб олади. Шунингдек, 47 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг туман бўлимлари ташкил этилиши натижасида бошқарув самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш мақсадида туманни комплекс ривожлантириш ва келгусида истиқболини белгилаш бўйича алоҳида Дастур ишлаб чиқилиши белгиланган.

Шунингдек, мажлисда “Наманган вилоятининг Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенати Қарори ҳам тасдиқланди.

Таъкидлаш лозимки, Давлатобод туманига 1977 йил 29 августда асос солинган, унинг ҳудуди 1 125 гектарни ташкил қилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 12 декабрдаги қарорига асосан туман тугатилган ва 2004 йил 1 январдан Наманган шаҳри таркибига қўшиб юборилган эди.

Муҳокама қилинган Сенат Қарорига кўра, Наманган шаҳри ҳудудининг 4 686 гектар (26 фоиз) ер майдонида Давлатобод тумани ташкил этилиб, илгари 2004 йилгача фаолият кўрсатган Давлатобод тумани ҳудудига нисбатан қарийб 4,2 баробарга кенгайтирилмоқда.

Шу билан бирга, Давлатобод тумани шаҳар таркибидаги туман тоифасига киритилиб, 21 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг барча туман бўлимлари ташкил этилиши белгиланмоқда.

Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудида 25 та маҳалла фуқаролари йиғини, 33 850 та хонадон, 421 та кўп қаватли уй, 3 та касб-ҳунар коллежи, 18 та умумтаълим мактаби, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та тиббиёт муассасаси, 1 280 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 698 та хизмат кўрсатиш объекти, 429 та саноат корхонаси ҳамда 2 та маданий мерос объекти мавжуд. Мазкур туман аҳолиси 149,6 минг нафарни ташкил этиб, Наманган шаҳар аҳолисининг 23,8 фоизини қамраб олади ва истиқболда замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига урбанизация жараёни жадаллашишига, шунингдек, янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, Тошкент вилояти Зангиота, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ва Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги Олий Мажлис Сенати Қарорларининг маъқулланиши келгусида мазкур ҳудудларнинг янада тараққий этишига дастуриламал бўлади.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати ҳақида парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, 2017-2019 йиллар мобайнида республикада илм-фан фаолиятини тартибга солиш, қўллаб-қувватлашга қаратилган 1 та Қонун, Президентимизнинг 27 та қарор ва фармонлари ҳамда ҳукуматнинг 40 дан ортиқ қарорлари қабул қилинди.

Мамлакатимизда илм-фан ривожига берилаётган эътибор ўзининг самараларини бермоқда. Айни пайтда геология, математика, кимё ва биология соҳаларига устувор аҳамият қаратилмокда. Бироқ олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан қатор муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.

Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, инновацион ривожланиш стратегиясида 2021 йилгача илм-фанга ажратиладиган маблағлар ялпи ички маҳсулотнинг 0,8 фоизгача оширилиши белгиланган бўлса-да, бу кўрсаткич 2018-2020 йилларда турғун даражада 0,15 фоиз миқдорида қолмоқда.

Илм-фан соҳасига ажратилган молиялаштириш бугунги кунда ЯИМ га нисбатан 0,2 фоизни ташкил этади, холос.

Олий таълим муассасалари кўпайгани ҳолда жойларда янги моддий техник базани шакллантириш, таълим муассасаларида илмий даражали профессор-ўқитувчиларнинг салмоғи етарли эмас, илмий салоҳият кўрсаткичи паст.

Ўтказилган таҳлилларга кўра, сўнгги уч йилда таянч докторантура ва докторантура битирувчиларининг диссертация иши ҳимояси 54,7 фоизни ташкил этган.

Магистрлар илмий фаолиятни давом эттириши бўйича етарлича шарт-шароитлар яратиш муаммоси тўлақонли ечим топмаган.

Мамлакат минтақаларидаги таълим муассасаларида илмий фаолият билан шуғулланиш паст даражада қолмоқда. Аксарият диссертация ҳимоялари, яъни 66 фоизи Тошкент шаҳрига, қолган 34 фоизигина вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.

Илмий фаолият ривожланишига халал бераётган юқоридаги каби ҳолатдан келиб чиқиб Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига тушунтириш бериш талабини қўймоқда.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан 2020 йил 13-18 июль кунлари Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда юзага келаётган муаммолар ва бу соҳадаги қонун ҳужжатларига риоя этиш масалалари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мисолида ўрганилди.

Хусусан, 2019-2020 йилларда ўз иш фаолиятини тўхтатган тадбиркор аёллар сони тадбиркорлик фаолиятини ташкил этган аёллар сонидан ошган бўлса-да, бу йўналишда тизимли таҳлил ўтказилмаганлиги аниқланди. Мазкур муаммолар чуқур ўрганилмаган ва уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.

Жумладан, 2019-2020 йилларда хотин-қизлар томонидан жами якка тартибдаги 108 782 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган. Бироқ мазкур давр мобайнида 115 920 нафар аёл тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Бу каби ҳолатлар эса аёллар учун ишсизлик, боқимандалик ва бошқа муаммоларни юзага келтирмоқда.

Қолаверса, кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар мавжуд бўлиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари етарли даражада олиб борилмаган. Ушбу оилалар аъзолари бўлган хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш, ўқитишга жалб қилиш, ўз ишини йўлга қўйиш борасида мавжуд имкониятлар тўғрисида хабардорликни ошириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари самарали ташкил этилмаган.

Ўрганиш натижалари мутасадди идоралар томонидан меҳнат бозоридаги ҳолат етарли даражада таҳлил қилинмаганлиги, мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар тегишли ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилмаганлиги маълум бўлди. Бунинг оқибатида ҳақиқатда ишга жойлашишга муҳтож ҳотин-қизлар ҳамда ёшлар қатламини аниқлаш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти яхши йўлга қўйилмаганлиги оқибатида оғир турмуш шароитида бўлган ишсиз хотин-қизлар сони камаймаяпти.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Шундан кейин арзон уй‑жойлар қуриш жараёнидаги муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қурилиш вазири бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги Фармони билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилган. Унга мувофиқ, амалдаги қурилиш пудрат ташкилотларига қурилиш материалларини арзонлаштирилган ҳолда етказиб бериш ва белгиланган солиқ имтиёзлари ўрнига кам таъминланган аҳоли қатлами учун манзилли имтиёзлар белгиланган.

Жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга дастлабки бадал ёки кредит фоизи тўловларининг бир қисмини қоплаш тартибида субсидия берилиши назарда тутилган.

Бунга қўшимча равишда Солиқ кодексига асосан қиймати 300 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган уй-жой эгалари учун ҳар йили 15 миллион сўмлик жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан имтиёз белгиланган.

Шунингдек, қурилиш ташкилотларининг онлайн тизимда ишловчи ягона электрон маълумотлар базасининг яратилиши, танлов савдоларини ўтказиш ва соҳада “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида давлат қурилиши назоратини амалга ошириш чораларининг қўлланиши ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, мажлисда қурилиш соҳаси аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутиши туфайли ажратилаётган маблағлар, жалб этилаётган инвестициялардан самарали фойдаланишда шаффофликни таъминлаш, соҳани модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантириш, қурилиш сифати ва назоратини илғор тажрибалар асосида мукаммал таъминлаб бориш, жорий этилаётган янги тартибни самарали қўллаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, қурилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий меъёрларни илғор хорижий тажрибалар даражасига олиб чиқиш, қурилиш соҳасининг барча жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, хорижий тажриба асосида амалга оширилаётган қурилиш нархини арзонлаштириш чораларини кўриш, истеъмолчи ҳуқуқлари бўйича шартнома шартларини бузган қурувчи ташкилотлар жавобгарлигини кучайтириш борасида чора-тадбирларни янада такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Қолаверса, арзон ипотека кредитлари билан таъминлашни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Шунингдек, мажлисда уй-жойга муҳтож фуқаролар учун уй-жой олиши мақсадида субсидия бериш тартибини ва қўлланилаётган кредит сиёсатини соддалаштириш, қурилиш материалларини марказлаштирилган тартибда етказиб бериш амалиётида бозор иқтисодиёти талабларига риоя этилишини таъминлаш, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш бўйича электрон (онлайн) тизимни жорий этиш, уй-жойлар бўйича очиқ маълумотлар базасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра аҳолини табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, аҳолини табиий газ билан таъминлаш, табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш борасидаги вазифалар асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга ошириб келинаётир.

Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан углеводород хомашёсини қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш, газ-транспорт тизимини модернизация қилиш, табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, етказиб бериш ва сотишни ҳисоб-китоб ва назорат қилиш ишларини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаларини танқидий ўрганиш ва мақбуллаштириш, уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш ва нефть-газ тармоғи корхоналарида молиявий интизомни мустаҳкамлаш каби қатор вазифалар амалга оширилмоқда.

Мажлисда бу борада учраётган муаммо ва камчиликларга урғу берилди. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини табиий газ билан таъминлашда қатор камчиликларнинг мавжудлиги сақланиб қолаётганлиги, табиий газ етказиб бериш шартномаларини тузишда газ таъминоти корхоналари томонидан табиий газни транспорт қилиш ва етказиб беришнинг ҳақиқатда мавжуд имкониятлари инобатга олинмаётганлиги, ҳудудларда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланмаган хонадонларни хатловдан ўтказиш ишлари сифатли ташкил этилмаётганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, аҳолини газ билан таъминлаш борасидаги камчиликлар ва муаммоларни аниқлаш мақсадида амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш талабларига жавоб бериши бўйича қайта кўриб чиқиш ишларнинг суст ташкил этилганлиги, аҳолининг табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни талаб даражасида таъминлаш мақсадида тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларининг талаб даражасида қайта кўриб чиқилмаётганлиги каби муаммолар бўйича амалий чоралар кўрилиши зарурлиги таъкидланди.

Мазкур масала маълумот учун қабул қилинди. Лекин ҳудудларда ушбу йўналишда мансабдор шахслар томонидан айрим камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳамда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Энергетика вазирлигининг ахборотини эшитиш таклифи билдирилди.

Шундан сўнг ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилинишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Сенат Қарори ижросини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ижрога йўналтирилган.

Белгиланган чора-тадбирларда ҳокимларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнини автоматлаштириш, тадбиркорликка оид қарорларини Ҳукумат томонидан мониторинг қилиб бориш, қолаверса, белгиланган индикаторлар ва мақсадли параметрларнинг ижроси бўйича ҳокимлар ўз ҳудудларидаги оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб бориш тизимини йўлга қўйиш, улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш каби бир қатор масалалар акс эттирилган.

Шу билан бирга, мажлисда бу борада қўшимча чоралар кўрилиши лозим бўлган ишларга урғу берилди. Жумладан, юборилган Парламент сўровида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти ва улар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш борасида ҳозирги кунда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот бериш сўралган эди.

Бироқ Ҳукуматнинг амалий чора-тадбирлар режасида ҳокимларнинг фақат тадбиркорликка оид қарорларини мониторинг қилиб бориш ва унинг натижалари юзасидан тегишли чораларни кўриш механизмларини ишлаб чиқиш белгиланган. Қолаверса, ҳокимлар томонидан фуқаролар ҳуқуқларига тааллуқли қарорларни (ер ажратиш, уй-жойини бузиш ва ҳ.к.) мониторинг қилиб бориш масаласи очиқ қолган.

Бундан ташқари, қонун бузилишларининг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимларининг норматив-ҳуқуқий бўлмаган бошқа қарорлари (ер ажратиш, уй-жойини бузиш ва ҳ.к.) адлия бўлимлари хулосалари асосида қабул қилиниши лозимлиги ёки лозим эмаслиги тўғрисида асослантирилган маълумот келтирилмаган.

Яна бир жиҳат, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан қарорлар қабул қилиш ҳолати ва бу билан боғлиқ жараённинг шаффофлигини кучайтиришга қаратилган депутатлик назоратини амалга ошириш мақсадида халқ депутатлари Кенгашларига мунтазам равишда ахборот тақдим этиши масалаларига эътибор қаратилмаган.

Сенаторлар парламент сўровида келтирилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарори ҳам тасдиқланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати

 

ЎзА