“АРМИ-2020”: Ўзбекистон ҳарбийлари ғолиблар сафидан жой олди

Жорий йил 23 августдан 5 сентябргача давом этган “АрМИ-2020” VI халқаро армия ўйинларида 30 дан ортиқ давлатнинг 160 дан зиёд жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этди.
Ҳамюртларимиз 16 йўналишда, яъни “Мерганлик марраси”, “Қуролсоз уста”, “Хавфсиз муҳит”, “Артиллерия олови устаси”, “Йўл патрули”, “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Танк биатлони”, “Эльбурс ҳалқаси”, “Содиқ дўст”, “Хавфсиз маршрут”, “Дала ошхонаси”, “Ҳарбий ралли”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Мерганлар марраси”, “Отлиқ марафон”, “Автозирҳли танктехника устаси” каби йўналишлардаги мусобақаларда алоҳида жамоаларга бўлинган ҳолда муносиб қатнашди.
Россия Федерацияси Москва шаҳридан келган “Ҳарбий ралли”, “Отлиқ марафон”, “Содиқ дўст”, “Дала ошхонаси”, “Хавфсиз муҳит”, “Хавфсиз маршрут”, “Артиллерия олови устаси”, “Қуролсоз уста”, “Зирҳли техника устаси” мусобақаларида иштирок этган Ўзбекистон ҳарбийлари жамоаси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, вазирилик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
– Ўттиз икки давлат орасида фахрли 3-ўринни эгаллаганингиз барчамизда фахр туйғусини уйғотди. Миллий армиямиз қанчалик кучли эканини яна бир бор исботладингиз. Сизларни мазкур ғалаба билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари номидан яна бир бор қутлайман, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев.
Таъкидлаш жоизки, “АрМИ-2020” ўйинларининг баъзи турлари Ўзбекистонда, аниқроғи “Фориш” тоғ полигонида ҳам ўтказиб келинмоқда. Бу йил Фориш тоғидаги “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақаси қизғин баҳсларга, вакилларимиз учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.
Ўзбекистон жамоаси шартларни бажариш жараёнида ўтган йилги рекордларни бир неча бор янгилади. Хусусан, эркаклар жамоаси 6 дақиқа 28,8 сония кўрсатгич билан рекорд вақтини 1 дақиқа 8 сонияга янгилади.
Шарқий ҳарбий округи полигони биринчи бор мезбонлик қилган “Йўл патрули” мусобақасида ҳам ўзбекистонлик ҳарбийларга тенг келадигани топилмади. Натижада жамоамиз Россия ва Беларусдан келган ҳамкасбларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади.
– Аллома шоиримиз Ғафур Ғулом битганидек: “Йигит омон бўлса хавфу хатар йўқ”. Гарчан мана шундай мард ўғлонларимиз бор экан жамиятимиз ҳамиша юксалаверади. Биз осойишта, фаровон ҳаёт кечирамиз. Бугун қувончим чексиз. Халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этган юртимизнинг мард, жасур ўғлонларини кутиб олиш учун Навоий вилоятидан келдик. “АрМИ-2020” халқаро армия ўйинларида Ватанимиз шарафини укам Улуғбек Нуруллаев ҳам муносиб ҳимоя қилди. Унинг қувончига шерик бўлиш биз учун улкан бахт, – деди навоийлик Гулшан Нуруллаева.
Халқаро армия ўйинларининг “Содиқ дўст” мусобақасида 2017 йилда 3-ўринни, 2018 йилда 4-ўринни 2019 йилда 2-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон ҳарбий кинологлари жорий йилда 1-ўринга сазовор бўлди.
– Бу ғалабага эришишимизда ватандошларимизнинг қўллаб-қувватлаши ва дуоси катта куч берди. Бизга ишонч билдирган ва ҳарбий салоҳиятимизни кўрсатиш учун барча шарт-шароитларни яратиб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга жамоамиз номидан ўз миннатдорлигимни билдираман. Бошқа халқаро мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғини юксакларда кўтаришда давом этамиз, – деди “Содиқ дўст” жамоаси аъзоси, сержант Улуғбек Нуруллаев.
Энг муҳим мутахассисликлардан бири “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақаси Новосибирск шаҳри яқинидаги “Кольцово” полигонида бўлиб ўтди. Якунда шоҳсупага Россия жамоаси биринчи, Ўзбекистон жамоаси иккинчи, Беларусь ҳарбийлари учинчи ўрин билан кўтарилди.
“Эльбурс ҳалқаси” халқаро мусобақасида иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчилари бир неча шартларни ўта мураккаб тоғ шароитида ва кучли босим остида бажарди. Кабардин-Болқордаги Эльбурс чўққисига уюштирилган марш ҳарбий алпинистларни жиддий синовдан ўтказди.
Вакилларимиз ушбу мусобақада 2017 ва 2018 йил 4- ва 5-ўринларни эгаллаган эди. 2019 йилда эса 12 минг 41 балл жамғарган Ўзбекистон жамоаси шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади. Жорий йилда ҳам ҳамюртларимизга иккинчи ўрин насиб этди.
Ўтган йили ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида жами 14 йўналишда – 2 та биринчи, 4 та иккинчи, 5 та учинчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган эди.
Жорий йилда 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида 14 йўналишда – 3 та биринчи, 8 та иккинчи, 3 та учинчи ўринни забт этиб, умумжамоа ҳисобида 3-поғонага кўтарилди.
“АрМИ-2020” VI халқаро армия ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар иштирок этган барча йўналишлар бўйича натижалар қуйидагича: “Йўл патрули”, “Ҳарбий тиббий эстафета”, “Содиқ дўст” йўналишидаги мусобақаларда Ўзбекистон жамоларининг ҳар бири 1-ўринни, “Қўшин разведка аълочиси”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Мерганлик марраси”, “Ҳарбий ралли”, “Отлиқ марафон”, “Хавфсиз маршрут”, “Артиллерия олови устаси”, “Қуролсоз уста” йўналишидаги жамоаларимиз 2-ўринни, “Дала ошхонаси”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Автозирҳли танктехника устаси” мусобақаларида иштирок этган ҳарбийларимиз 3-ўринни қўлга киритди.
Бугун юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган “Ҳарбий тиббий эстафета”, “Қўшин разведка аълочиси”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Мерганлик марраси” йўналишидаги жамоаларимиз ҳам тантанали кутиб олинади.
photo_2020-09-08_11-42-38.jpg
photo_2020-09-08_11-42-39.jpg
photo_2020-09-08_11-42-40.jpg
photo_2020-09-08_11-42-41.jpg
photo_2020-09-08_11-42-42.jpg
photo_2020-09-08_11-42-43.jpg

 

Хуршид ҚОДИРОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА