Пандемия шароитида таълим жараёнини ташкил этиш чоралари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бутун дунёга ёйилган коронавирус пандемияси таълим соҳаси олдига ҳам янги муаммо ва талабларни қўймоқда. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг, 16 мартдан бошлаб, анъанавий таълим жараёнлари вақтинчалик тўхтатилган эди. Болалар уй шароитида онлайн таҳсил олди.

Янги ўқув йили яқинлашгани сари барча ота-оналарни ўқиш қачон ва қай тарзда бошланиши қизиқтирмоқда. Бугунги кунда мактаб ўқувчилари сони олти миллион икки юз мингдан зиёдлиги инобатга олинса, юртимизда бу масалага бефарқ оила йўқлигини айтиш мумкин.

Шу боис давлатимиз раҳбари ҳукуматга бу борада халқ фикрини билиш, ота-оналар ва муаллимлар билан маслаҳатлашган ҳолда, ҳар томонлама чуқур ўйланган қарор қабул қилиш бўйича кўрсатма берган эди.

Шу мақсадда, Халқ таълими вазирлиги томонидан алоҳида сўровнома тузилиб, ҳар бир ота-онанинг фикри батафсил ўрганилди. Бу тадбирда 5 миллион 500 минг нафар ота-она иштирок этди. Уларнинг 76 фоизи таълим жараёнини мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб бориш тарафдори бўлган. 24 фоизи эса масофавий шаклда – теледарслар орқали давом эттиришни маъқул кўришган.

Бундан ташқари, мазкур масала юзасидан дунёдаги вазият ҳам ўрганилди. Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус дунёда коронавирус касаллиги яна икки йилгача давом этиши мумкинлигини билдирди. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш пандемия сабабли кўп давлатларда тўхтаб қолган таълим жараёни оқибатлари келгусида дунё ҳамжамияти учун ўта оғир бўлиши мумкинлигини айтди. Бу дегани барчамиз пандемия шароитида коронавирус билан яшаш, ишлаш ва фарзандларимизни ўқитишга тайёр бўлишимиз керак.

Ўқитувчилар билан ўтказилган мулоқотларда ҳам аксарият педагоглар болажонларнинг кўзи ва қалбларини соғинганини, таълим ва тарбия беришга тайёр эканини, мактаблар очилишини орзиқиб кутаётганини билдиришган.

Шу хулосалардан келиб чиқиб, мактабларда таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинди. Яъни, аксарият ота-оналар талабига кўра анъанавий, шу билан бирга масофавий шаклда йўлга қўйилади.

– Мендан бугунги кун қаҳрамонлари ким деб сўрашса, бу соғлиқни сақлаш ходимлари билан бир қаторда ҳурматли устозларимиз, деб айтган бўлар эдим, – деди Президент йиғилишда.

Давлат раҳбари жамиятда ўқитувчи ва устозларнинг обрўйини кўтаришга эътибор талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

– Бу ерда гап фақат моддий рағбат ҳақида эмас. Биз ўзини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган ҳар бир фидойи муаллимга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантиришимиз керак. Битта болани 11-синфгача тарбиялаб, вояга етказиш қанча машаққат?! Айниқса, синф раҳбарларига кўп нарса боғлиқ, биз уларни эшитишимиз, қўллаб-қувватлашимиз керак. Мактабда ўзгариш бўлмас экан, ҳеч қайси соҳада ўзгариш бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўқитувчи ва шифокорларнинг фидойи меҳнати, юксак ҳулқ-атвори намунасини намоён этиш мақсадида тўлиқ метражли фильм ва сериаллар, уларнинг фаолияти ҳақида кўрсатувлар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича долзарб чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларига мактабларни санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар билан тўлиқ таъминлаш вазифаси қўйилди. Санитария хизмати марказлари 5 сентябрга қадар ўз ҳудудидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиб, жамоага қўшимча ўқув-тренинглар ўтади. Бундан мақсад – мактабларга амалий ёрдам кўрсатиб, ота-оналарнинг кўнглини хотиржам қилишдир.

Маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ўз туманидаги эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади.

Халқ таълими вазирлигига ота-оналар ҳамда маҳаллий кенгашлар таклифларидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, мактабларда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Бу тажриба асосида ўқувчиларни мактабда ким кутиб олиши, қайси синф қайси эшикдан кириши, синфхоналарнинг ҳавоси қачон алмаштирилиши каби ҳар бир қадам аниқ белгилаб олинади. Бу салкам 6 ойдан буён ўқув даргоҳини соғинган болаларнинг тезроқ мослашиши ҳамда хавфсизлигида муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги синовли даврда мактаб директори, синф раҳбари ва ота-она ўртасидаги мулоқотни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш, уйдан таълим оладиган ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кундалик мониторинг қилиш лозимлиги таъкидланди. Бу ўқувчиларнинг яхши билим олиши, шу билан бирга соғ-саломат бўлишини таъминлайди.

Видеодарсларни сифатли тайёрлаш, бу жараёнга давлат ва нодавлат телеканалларини фаол жалб этиш, 3 та телеканалда доимий эфирга узатиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жойларда рақамли телевидение сигнали ва интернет тезлигини таъминлаш, чекка ҳудудлардаги коммуникация тизимларини тўлиқ тестдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли “Мактаб” тариф режаси жорий этилиши айтилди.

Таълим муассасаларидаги тозалик ва озодаликни сақлаш, синфхоналар ва атрофни дезинфекция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳар бир мактабга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этилишини назорат қилади. Ўқувчилар соғлигидан доимий хабардор бўлиш мақсадида ҳудудий поликлиника ёки врачлик пунктларидан камида бир нафардан тиббиёт ходими жалб этилади.

Тадқиқотлар ёш болаларда вирус енгил кечишини кўрсатмоқда. Бироқ ўқувчилар инфекциянинг ташувчисига айланиб қолишлари мумкин. Улар ўзлари билмаган ҳолда устозлари ёки оила аъзоларига, айниқса ёши улуғ кишиларга юқтириши хавфини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, педагоглар 1 октябрга қадар гриппга қарши бепул эмланади. Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга кўрсатма берилди.

Ўқув даргоҳлари фаолиятида хавфсизлик чораларини кўриш, шунингдек, маҳаллаларда коронавирусга чалинган хонадонларни ўз вақтида аниқлаб, мактаб маъмуриятини тезкор огоҳлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасадди вазирликларга мактаблар учун пирометр ва дозаторлар харид қилиш ҳамда ҳудудларга етказиш бўйича топшириқлар берилди. Вилоят ҳокимлари мактабларни дезинфекция қилиш, антисептик воситалар, тиббий ниқоблар билан таъминлашга масъул этиб белгиланди.

– Ҳар бир раҳбар ўз вазифасини чуқур ҳис қилиб, ишга садоқат ва масъулият билан ёндашса, ҳам тизим ишлайди, ҳам халқимизнинг талабини бажарган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда вазирлар ва вилоят ҳокимлари кун тартиби юзасидан ахборот берди.

 

ЎзА