Президент янги автомобиль моделларини кўздан кечирди

Бектемир тумани фаоллари билан учрашувдан сўнг давлатимиз раҳбари мамлакатимизда ишлаб чиқарилиши лойиҳалаштирилган махсус автомобилларни кўздан кечирди.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил январда Германияга расмий ташрифи чоғида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Volkswagen» концерни ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Унга мувофиқ, Жиззах автомобиль заводида 3 хил модификациядаги Volkswagen Caddy минивенини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Етти ўринли бу автомобиль турли соҳаларга ихтисослаштириш учун жуда мос келади. Шунингдек, Isuzu заводида ҳам қулай платформа мавжуд.

Маълумки, мамлакатимизда енгил автомобиллар, юк машинлари ва махсус техникалар ишлаб чиқарилиб, айнан шу йўналишдаги сегмент бўш эди. Қўшни давлатларда ҳам бундай автомобилларга эҳтиёж бор.

Шу мақсадда тажриба тариқасида Volkswagen, Škoda ва Isuzu линиясида махсус машиналар намуналари тайёрланди.

Шавкат Мирзиёев бундай янги йўналиш импорт ўрнини тўлдириш ва экспортни кенгайтиришда муҳим эканини таъкидлаб, керакли кўрсатмалар берди.

Ушбу машиналар жорий йилнинг тўртинчи чорагида Жиззах автомобиль заводида йиғила бошлайди. 2022 йилдан ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштириш режалаштирилган.


 

ЎзА