Тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар тўлаб берилди

Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани адлия бўлими аралашуви билан туман тиббиёт бирлашмасининг 5 нафар ходимига қўшимча тўлов тўлаб берилди.
Бу ҳақда туман адлия бўлими бошлиғи Тимур Асанов ЎзА мухбирига маълум қилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш белгиланган эди.
Туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ходимларининг адлия бўлимига мурожаатини ўрганиш давомида Ж.А. 13 кунлик фаолият даври учун 1 миллион 41 минг 56 сўм, Е.Ж. 14 кунлик фаолият даври учун 1 миллион 233 минг 559, Х.Г. 17 кунлик фаолият даври учун 1 миллион 993 минг 16, Ю.Р. 17 кунлик фаолият даври учун 1 миллион 361 минг 381, Б.Б. 17 кунлик фаолият даври учун 1 миллион 497 минг 891, жами 7 миллион 126 минг 903 сўм қўшимча тўлов тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.
Натижада бугунги кунга ходимларнинг қўшимча тўловлари тўлиқ тўлаб берилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА