Давлат бюджети иқтисодиётда макроиқтисодий бошқарувнинг муҳим воситаси бўлиб, унинг самарадорлиги ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий мақсадларга эришишдаги муваффақиятларини белгилайди. Давлат бюджети аҳолининг ҳаётига таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий сиёсат ва устуворликларни амалга ошириш воситасидир.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқ, очиқлик ва ошкоралик мазкур ҳужжат тамойилларидан ҳисобланади. Бу эса, давлат бюджетини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиблари, тасдиқланган бюджет, давлат мақсадли жамғармалари фаолиятига доир ахборотларнинг эълон қилиниши ва уларнинг жамият ҳамда ОАВ учун очиқ ва шаффофлигини назарда тутади.

Бугунги кунда давлат бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари тубдан ўзгарган.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш, бюджет саводхонлигини ошириш ва бюджет ижросида жамоатчилик назоратини таъминлаш, бюджетни шакллантиришда ва қўшимча маблағларни йуналтиришда ўларнинг ташаббуси, фикри асосида чора-тадбирлар белгилаш бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон делегациясининг Нью-Йоркдаги олий даражадаги ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларига Халқаро валюта жамғармасининг техник ёрдам кўрсатмаларини тақдим этиш ва мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларини ислоҳ қилиш ва таҳлил қилиш бўйича амалий маслаҳатлар бериш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро Валюта Жамғармаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири техник ёрдам кўрсатиш миссиялари ҳисобланади, уларнинг асосий вазифаси хўжалик юритувчи субъектларнинг институционал салоҳиятини оширишдир. Ушбу миссиялар орасида Бюджет шаффофлигини ошириш миссияси ўрин олган.

2018 йилда PEFA методологияси бўйича амалдаги бюджет тизимининг танқидий таҳлили, давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолаш натижалари ҳамда Ҳалқаро валюта жамғармасининг шаффофлик Кодекси асосида солиқ-бюджет сиёсати очиқлиги юзасидан ўтказилган диагностик баҳолашлардан келиб чиқиб сўнги икки йилда давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

2018 йил 22 августтаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида:

2019 йилдан бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман (шаҳар) лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди;

2020 йилдан давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар баён этилган, илғор ҳалқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланди;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этилишидан олдин мажбурий жамоатчилик муҳокамасига қўйиш механизми жорий этилди;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун тайёр қилиб борилмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан ташқи аудит ва баҳолаш натижалари бўйича хулосаларини мажбурий эълон қилиш механизми жорий этилди.

2019 йилдан буён манзилли бюджет харажатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди. Унда давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва Ҳисоб палатаси хулосалари эълон қилиниб борилмоқда.

Бу ерга жамоатчилик фикрини шакллантириш учун шаҳар ва туманлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисида маълумотлар жойланмоқда.

Фуқаролар портал орқали бюджет қонунчилиги бузилаётган ҳақидаги хабарларини, бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларини юбориши мумкин.

2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4273 сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ халқаро бюджет ҳамжамиятининг бюджет очиқлиги индексида 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш бўйича “Йул харитаси”да:

Бюджет ҳужжатларининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш;

Бюджет ҳужжатларининг мазмунини кенгайтириш;

“Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашрини янада такомиллаштириш;

Жамоатчиликнинг бюджет жараёнидаги иштирокини кенгайтириш ва Ўзбекистон Республикасининг Бюджет очиқлиги индексида иштирокини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлари белгиланган.

Мамлакатимиз нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашга қаратилган, давлат бошқарувининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш тадбирларига мувофиқ 2020 йилдан Ўзбекистон Ҳалқаро бюджет ҳамжамияти Бюджет очиқлиги индексида иштирок этиши белгиланган.

Бюджет очиқлиги индекси – бу Ҳукумат бюджет ҳужжатларининг жамоатчилик эътиборига қанчалик ўз вақтида ҳавола қилгани, ҳар бир ҳужжат қай даражада тўлиқ ёритилганини баҳолашдир.

2020 йил 2 июнда “Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6003 сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва ҳалқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида ҳалқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш вазифалари белгиланган.

Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индекслар қаторида “Бюджет очиқлиги индекси” (Open Budjet Index) ўрин олган.

Бюджет очиқлиги индексини аниқлашда Фуқаролар учун бюджет эълон қилиниши мажбурий бўлган ҳужжат сирасига киритилиб, асосий мезонлардан ҳисобланади.

Очиқ бюджет – мутахассислар фойдаланишлари учун бюджетга доир ҳужжатларни қандай бўлса шундайлигича эълон қилишни назарда тутади.

Фуқаролик бюджети – бу бюджетга доир ҳужжатларнинг соддалаштирилган намунаси ҳисобланиб, ахборотларнинг фуқаролар учун тушунарли тилда ва шаклда ёритилишини назарда тутади.

Фуқаролик бюджетнинг ҳатто молиявий саводхонлиги бўлмаган бошқа соҳадаги фуқароларга тушунарли бўлиши жамоатчиликнинг бюджет жараёнида иштирокини фаоллаштиради. Бу бюджет сиёсати мақсадлари ва устуворликларини тушуниб етишини ошириш имконини беради, фуқароларни бюджетни муҳокама қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш жараёнига жалб қилишни енгиллаштиради.

Шунингдек, фуқароларнинг бюджетни тушуниши бу улар нима учун солиқлар тўлаётганликларини, солиқлар нималар учун ишлатилаётганлигини, давлат ўз зиммасига қандай мажбуриятлар ва кафолатларни олганлигини, улар қандай бажарилаётганлигини, давлат бюджети маблағларини, давлат харажатларида қандай устуворликлар мавжудлигини, улар аҳолининг ҳаётга қандай таъсир этишини ҳис қилишини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бюджет очиқлиги бўйича янги муносабатлар- давлат бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасидаги мулоқот ҳукуматга бўлган ишонч ошишида муҳим воситадир. Яъни, фуқаролар билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши бюджет жараёни самарадорлигини оширади, бюджет тизими, барча даражалардаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини шакллантирилиши ва ижро этилиши тўғрисида маълумот билан аҳолининг хабардор бўлишини таъминлайди.

Бюджет жараёнида “жамоатчиликнинг иштироки”ни йўлга қўйилиши Ўзбекистон Республикасининг “Бюджет очиқлиги индекси” бўйича ижобий кўрсаткичларга эришилишида муҳим аҳамият касб этади.

Бюджетни қабул қилиш жараёнида жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилиши коррупцияга қарши  курашиш самарадорлигини оширишга ҳамда жамиятда тотувликни ва аҳолининг давлат хизматларидан мамнун бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Руслан Джумамуратов,

                                      Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

                                      ЎзМТДП фракцияси, Бюджет ва иқтисодий

ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги