Давлатимиз мустақилликка эришгандан буён аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Ўзбекистон Республикасида бу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи 1989 йилда ўтказилган. Ҳолбуки, ҳар бир жамиятда аҳолини рўйхатга олиш камида ҳар 10 йилда ташкил қилиниши тартибга айланган. Энди бу тадбир Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилади. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асос бўлади. Фармоннинг 2-бандида аҳолини рўйхатга олишнинг устувор жиҳатлари алоҳида қаид этилган. Улар қўйидагилардан иборат, аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Худудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Юқорида қаид этганимиздек, бизда яқин 30 йил мобайнида аҳолини рўйхатга олиш чора-тадбирлари амалга оширилмади. Бу ўз навбатида, объектив маълумотларни йиғиш ва ижтимоий-иқтисодий режаларни аниқ режалаштириш масалаларига соя солди, албатта. Яъни, қаерда ва қачон бутун аҳолини реал қамраб оладиган шифохона қуриш, мактаб барпо этиш, талабларга мос мутахассислар тайёрлаш каби ижтимоий масалалар хира торта бошлади.

Тарихий манбаларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш қадимий даврларга бориб тақалади. Аниқроғи, давлатчилик шаклланиши билан аҳолини ўз даврига мос равишда рўйхатга олиш кўринишлари пайдо бўлган. Уларнинг энг асосийлари қуйидагилар ҳисобланган;

биринчидан, давлат ўзига юклатилган вазифаларни ижро қилиши учун ғазнасига солиқ йиғиши, солиқлар қанча тушишини олдиндан башорат қилиш учун эса мамлакатда фуқароларнинг рўйхати зарур бўлган. Аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки куртаклари шу зарурат ҳосиласидир;

иккинчидан, мамлакатни ташқи-ички ёвдан асраш учун ҳарбий аскар ва зобитлар зарурати бўлган. Уларнинг сони қанча, ёши нечадалигини билиш учун аҳоли рўйхатига эҳтиёж туғилган.

Аҳолини рўйхатга олиш қадимги Миср, Афина, Рим ва Хитойда пайдо бўлган. Кейинчалик, бу тартиб Европа мамлакатларида ҳам йўлга қўйила бошлаган.

Ҳозирги кунга келиб, дунё тажрибасида аҳолини рўйхатга олиш хилма-хил ва ранг-барангдир. Ҳар бир давлат ўз географик жойлашуви ва миллий таркибидан келиб чиққан ҳолда бу жараённи ташкил қилади. Лекин бутун инсоният учун умумийлик кўрсаткичлари ҳам мавжуд бўлиб, у аҳолини рўйхатга олиш дастури дейилади. Дастурда рўйхатга олиш анкетаси муҳим ахборот воситаси ҳисобланади. Бу анкета аҳоли ҳақидаги маълумотларни олиш учун зарур бўлган саволлардан таркиб топади. У масалан, манзили; доимий ёки вақтинча истиқомат қилиш жойи; демографик аломатлари; жинси; ёши; оилалиги; фуқаролиги; ирқий мансублиги; миллати; диний эътиқоди ва шу кабилар ҳақидаги саволлардан иборат.

Хорижий манбаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнидаги хулосаларимизга таяниб, аҳолини рўйхатга олишга қуйидагича таъриф берилади: “Аҳолини рўйхатга олиш – алоҳида бир мамлакат аҳолисининг чекланган бир қисми ёки тўлиқ барчасининг муайян давр ҳолатига таалуқли бўлган ижтимоий, иқтисодий ва демографик кўрсаткичларни йиғиш, уларга ишлов бериш ва таҳлил этиш натижасида тўпланган маълумотларни эълон қилиб, чоп этиш фаолиятидир”

Президентимизнинг юқорида қаид этилган Фармонининг 5-бандида: “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин”, деб алоҳида кўрсатилган. Шу боис, бош вазифа – ушбу қонунни давр талабига мос ва миллий менталитетимизга хос равишда ишлаб чиқиш ва қабул қилишдир. Сўнгра аҳолини рўйхатга олиш бўйича қабул қилинган концепция талаблари ҳамда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастурини ўз вақтида ва тўлиқ ижро этиш, самарадорлиги юқори бўладиган қўшимча чоралар бўлса, уларни ҳам жадал амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, Бунда қўшниларнинг, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги самарали тажрибаларидан фойдаланишимиз даркор, албатта.

Бу борада амалга ошириш лозим бўлган чора-тадбирларнинг ижобий натижаси, жамият олдида турган долзарб муаммоларга ойдинлик киритиш имкониятини яратади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси

Демография ва меҳнат статистикаси бўлими.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги