Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Ўзбекистон ташаббуслари

15 июнь – ШҲТ ташкил топган кун
 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йил 15 июнда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан таъсис этилган. Орадан ўн беш йил ўтиб унга Ҳиндистон ва Покистон ҳам қўшилди.

ШҲТнинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва гуманитар муносабатларни ривожлантиришдир. Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди.

Таъкидлаш жоизки, кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади.

2019 йил 1 январдан ШҲТ Бош котиби вазифаси Ўзбекистон вакили Владимир Норовга ўтди. Қисқа вақт халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган ШҲТдек тузилмага Бош котиблик қилиш Ўзбекистон вакилига топширилгани мамлакатимизга халқаро доирада ҳурмат ва ишонч ортиб бораётганидан далолат.

Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан зиёд, яъни Евроосиё ҳудудининг 60 фоизи демакдир. ШҲТ мамлакатлари аҳолисининг умумий сони 3 миллиард 40 миллион нафарга тенг, бу сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярми дегани. У 8 та аъзо давлатдан ташқари 4 та кузатувчи, 3 та кузатувчиликка номзод давлатни, 6 та «мулоқот бўйича шерик» мақомига эга мамлакатни бирлаштирган.

Халқаро жамоатчилик ШҲТ саммитлари ишини диққат билан кузатаркан, унинг дунёда юз бераётган воқеаларга фаол муносабати, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий йўлига ишонч ҳосил қилмоқда, деб айтиш мумкин.

ШҲТ доирасида қабул қилинган қарорлар аъзо мамлакатлар томонидан тўла маъқулланган тақдирдагина кучга кириши ва бу муносабатлар кўп томонлама келишувлар орқали мустаҳкамланишини назарда тутсак, Ташкилотнинг қисқа даврда катта обрў-эътибор қозонишига сабаб бўлган омилларни англагандек бўламиз. Ташкилот айни кунда нафақат хавфсизлик, балки ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт коммуникацияси, сармоя ва гуманитар масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Булар ташкилотнинг очиқлиги, барча манфаатдор давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолатдир.

ШҲТ, аввало, ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг ишончли кафолати сифатида майдонга чиқмоқда, дунё тез ўзгарувчан, нотинч бўлиб турган ҳозирги замонда бу ғоят муҳим. Иккинчидан, бу ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама самарали ҳамкорликни ташкил этиш борасида қўйилаётган ва бажарилаётган вазифалар, бунинг учун зарур шартномавий-ҳуқуқий асосни шакллантириш ва ҳар бир мамлакат учун аҳамиятли бўлган йирик лойиҳаларни амалга оширишдир. Учинчидан, ШҲТ аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси бўлиб, унинг фаолияти бошқа мамлакатларнинг манфаатларига қарши қаратилмаган ва ҳарбий блок хусусиятига эга эмаслиги яққол намоён бўлмоқда.

Бундан ташқари, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари «Шанхай жараён»ларини тезлаштириш учун Ташкилот ихтиёридаги мавжуд қарорлар, декларациялар ва лойиҳаларни амалга оширишга эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда. Чунки ҳар қандай кўп томонлама тизимлар фаолияти қабул қилинаётган қарорларнинг сўзсиз ва босқичма-босқич бажарилиши билан самара беради. Бу «олтин қоида» ШҲТнинг жипслиги ва уюшқоқлиги учун ўзига хос мезон бўлиб қолиши бежиз такрорланмаётир.

ШҲТни янада ривожлантириш аъзо давлатларнинг муайян амалий натижаларга эришишига, аввало, барқарор тараққиётни таъминлаш ва бутун минтақа мамлакатлари аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Шу боис, Ўзбекистон ШҲТ маконида миллий ва трансчегаравий аҳамиятга молик автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўли коммуникацияларини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошириш, замонавий логистика марказлари ва хаблар яратиш тарафдоридир. Бу ишларнинг амалга оширилиши аъзо давлатларнинг Европа Иттифоқи, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

2018 йил 10 июнда Хитойнинг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган Ташкилотнинг навбатдаги саммитида қабул қилинган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси мазкур ишларнинг муҳим натижаларидан биридир. Синдао саммити «Шанхай саккизлиги» раҳбарларининг биринчи учрашуви сифатида тарихда қолди. Ташкилот нуфуси 2017 йилда бирданига бир ярим миллиардга кўпайди, унинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳияти сезиларли даражада кенгайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш кераки, Ҳиндистон ва Покистондек давлатларнинг ШҲТ фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун мутлақо янги имкониятлар яратди. Айни пайтда Ташкилотнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантириш, Евроосиё қитъаси хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим механизми сифатидаги роли кучайиб бормоқда.

Коронавирус пандемияси шароитида ҳам давлатлар ўзаро мулоқотни йиғиштириб қўйгани йўқ. Айниқса, Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг кўпчилигига гуманитар ёрдамлар жўнатгани эътиборга сазовор. ХХР ҳам бундан мустасно эмас.

Марказий Осиё барқарорлиги ва тараққиётини таъминлаш Ташкилотнинг асосий мақсадларига эришиш, унинг олдида турган вазифаларни ҳал этишда муҳим омиллардан биридир. Қисқа вақт ичида минтақадаги ўткир муаммолар, жумладан, чегара, савдо, транспорт ва сувдан фойдаланиш масалаларини амалий ҳал қилиш йўлида анча катта марралар босиб ўтилди.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Хитойдан Европага «Янги Осиё – Европа трансконтинентал транспорт йўлаги» қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ШҲТ бош котиби Владимир Норов маълум қилди. Йўлакнинг узунлиги 10 минг 900 километрни ташкил қилади. У Марказий Осиё ва Россия орқали ўтиб, Нидерландиянинг Роттердам шаҳригача чўзилади.

“ШҲТ миллий ва минтақавий интеграция ташаббуслари ўзаро боғлиқлиги учун самарали майдонча бўлиб хизмат қилади. Бу ташаббуслар орасида Евросиё иқтисодий иттифоқи, «Бир макон, бир йўл», Марказий Осиё давлатларини иқтисодий ривожлантириш стратегияси, Санкт-Петербургни Мумбай порти билан боғловчи 7 минг километрдан узунроқ бўлган «Шимол – Жануб» Россия-Ҳиндистон-Эрон лойиҳаси бор”, деб таъкидлаган В.Норов.

Шубҳасиз, ШҲТ доирасида кўплаб натижаларга эришилди. Шу билан бирга, Ташкилот доирасидаги шерикликни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг Синдао саммитида илгари сурган ташаббуслари Ташкилот фаолиятини ривожлантиришда муҳим эканлиги эътироф этилди.

Биринчидан ва энг асосийси – аҳоли, айниқса, ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Ушбу дастурни амалга оширишда ШҲТ Ёшлар кенгаши ҳақиқий «локомотив» вазифасини ўтайди. Ўзбекистон ушбу тузилма фаолиятида фаол иштирок этади. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш йўлидаги ҳамкорликни янада кучайтириш таклифи ҳам Ўзбекистон томонидан илгари сурилди.

Иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперацияни кучайтириш таклифи илгари сурилди. Бу бежиз эмас. Зеро, 2018 йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчи ва шериклари билан савдо ҳажми ўттиз фоиздан ошди.

Ўзбекистон раҳбарияти фикрича, товар айирбошлаш ҳажми янада ошишини таъминлаш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш зарур.

Учинчидан, ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш Ўзбекистоннинг стратегик вазифасидир. «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистонга жаҳоннинг энг йирик бозорларига элтадиган янги ва энг қисқа йўналишлар керак.

Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл линияларини қуриш тарафдори. Айнан шу мақсадда Ўзбекистонда 2018 йил 19 сентябрда ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви ўтказилди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши транспорт-коммуникация комплексининг тараққиётига боғлиқ. Хусусан, темир йўл транспорти давлатлараро товар айрибошлаш, импорт-экспорт ташувлар, айниқса, денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқолмаган ва асосан юкларни қуруқликда ташишга ихтисослашган мамлакатлар учун муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ШҲТнинг Халқаро транспорт-логистика ассоциациясини таъсис этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этмоқда.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга даъват этмоқда. Чунки шериклик юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергетика ва замонавий тиббиётни ривожлантириш ва кенг жорий этишга қаратилиши барча давлатлар тараққиёти ва манфаатига бирдек жавоб беради.

Демак, анъанавий асосда ҳар йили ШҲТ мамлакатлари ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форумини ўтказиш йўлга қўйилса, бу мақсадларга хизмат қилади.

Бешинчидан, Ўзбекистон ШҲТ ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсадга мувофиқ ва ғоят долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Шунинг учун Ўзбекистон биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан тамаддунлар чорраҳаси – Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» туризм университети ташкил этилди. Мазкур ўқув муассасасида туризм соҳасининг энг яхши мутахассислари дарс бериши, барча аъзо мамлакатлардан талабалар таҳсил олиши мумкин бўлади.

Хуллас, улкан минтақада илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар, ҳақиқатан ҳаётда ўз аксини топса, бундан аъзо мамлакатларнинг барчаси ютади. Кузатувчи давлатларнинг бундан кейин ташлайдиган қадамлари ана шу ғояларнинг рўёби билан белгиланади.

 

Абдували Сойибназаров, ЎзА