Халқаро теннис федерацияси (ITF) коронавирус пандемияси сабаб 2021 йилга қолдирилган Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун ушбу спорт тури бўйича саралаш босқичининг янги тизимини эълон қилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Токио Олимпиадаси иштирокчилари 2021 йилнинг 7 июнь кунидаги жаҳон рейтинги ҳолатига кўра аниқлаб олинади. Теннисчиларнинг иштироки билан боғлиқ аввалги талаблар эса сақланади. Яъни, Олимпия ўйинларида (Паралимпия ўйинларида ҳам) 64 нафар теннисчи иштирок этади. Ҳар бир мамлакатдан максимум 12 нафар (6 нафардан эркак ва аёл) теннисчи қатнашиши мумкин. Жуфтлик мусобақаларида 32, микст йўналишида эса 16 нафар теннисчи қатнашади. Юқоридаги тизим аравачада баҳс олиб борадиган Паралимпия теннисчиларига ҳам тааллуқли.
Эслатиб ўтамиз, саралаш мусобақаларининг қоидасига кўра, ҳамюртимиз Денис Истомин 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларидаги муваффақияти билан Токио Олимпиадасига тўғридан- тўғри йўлланма олган.
ЎзА