Унда Рус тили ва адабиёти ўқитувчилари халқаро ассоциацияси, Россия ИИВ Миграция бошқармаси, БМТнинг Россиядаги қочоқлар бўйича ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «Россотрудничество» агентлиги иштирок этди.Видеоалоқа тарзида ўтказилган конференция давомида миграция жараёнларига пандемиянинг таъсири, Россия Федерациясига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида кетаётган Ўзбекистон фуқароларини кетишдан олдин тайёрлаш, уларни Россия Федерациясида бўлиб турган даврида рус тили ва касбга ўқитиш борасидаги ҳамкорлик масалалари алоҳида муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни чет тили ва касбга ўргатиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентилиги томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Агентлик ҳамда Россия Халқлар дўстлиги университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишувига мувофиқ, Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишда рухсатнома олиш учун талаб этиладиган рус тили ва адабиёти, Россия қонунчилиги ва тарихи бўйича ҳамкорликда ўқув курслари ва касбга тайёрлаш ташкил этилади.
Россия Халқлар дўстлиги университетининг Россиядаги ҳудудий тест марказларида комплекс имтиҳондан ўтиш учун Ўзбекистон фуқаролари тайёрланади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун алоҳида шароитлар яратилиб, имтиҳондан ўтиш бўйича маслаҳатлар берилади ва имтиҳон жараёнлари ташкилий-техник жиҳатдан таъминланади.
Юртдошларимиз мутахассисликлар бўйича рус тилига ўқитилади ва машғулот натижаларига кўра сертификат берилади. Сертификат олган фуқаролар юқори маошли корхоналарда ишлаш имкониятига эга бўлади.
Имтиҳонга тайёргарлик кўриш ва топшириш Россия Халқлар дўстлиги университетининг фуқароларимизнинг иш жойига яқин бўлган расмий маҳаллий марказларида амалга оширилади.
Конференцияда иштирокчилар нафақат пандемия даврида, балки ундан кейин ҳам меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, уларни тилга ва касбга ўқитиш, кейинчалик бандлигини таъминлаш юзасидан ўз таклифларини билдирди.