Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган анжуманда иштирок этди

Айни дамда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этган давлатимиз раҳбари барча йиғилганларни юртимизда биринчи маротаба нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан муборакбод этиб, аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилган ҳолда, келгусидаги муҳим вазифаларга эътиборни қаратди. Қайд этилганидек, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалиги шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан зиёд йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Кейинги икки йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 45 фоизга кўпайиб, уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йил мамлакатимизда 8 миллион 377 минг тонна ғалла, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 856 миллион долларлик 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди.

Чорвачилик тармоғини ривожлантириш дастурлари доирасида балиқ, асал етиштириладиган, парранда, эчки, қорамол боқиладиган кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилди. Зотдор қорабайир отларини кўпайтириш ва от спортини ривожлантириш мақсадида Қашқадарёда янги йилқичилик комплекси ташкил этилиб, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай мажмуалар барпо этилмоқда.

Балиқчилик соҳасини тиклаш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Унинг тизимига 3 минг 600 та балиқчилик хўжалиги киритилди. Жорий йилда 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди. Яна бир муҳим йўналиш–асаларичилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташкил этилди.

Сув ресурслари чекланган худудларда махсус техникаларни сотиб олиш учун берилган имтиёзлар натижасида қарийб 240 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар, жумладан, 28 минг гектар ерда томчилатиб суғориш жорий қилинди. Президент таъкидлаганигидек, бу ютуқлар хотиржамлик учун асос бўла олмайди. Соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, мева-сабзавот етиштириш, имкон қадар кўпроқ қайта ишлаш ва экспорт қилиш ишларини янада фаоллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Соҳадаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Тантанали маросим давом этмоқда.

 

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА