Давлатимиз раҳбари мирзаободликлар билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев бугуннинг ўзида Мирзаобод туманида бўлиб, фавқулодда ҳолатдан талафот кўрган жойларда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Туманнинг “Навбаҳор” маҳалласи ҳудудида 360 квартирали 9 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Янгиовул” маҳаллаларида жами 616 та коттеж таъмирланади. Ушбу ишларга Сирдарё, Жиззах, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари қурувчилари бириктирилган.

Мутасаддилар билан суҳбатда қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли бажариш кераклиги, маҳаллий, энергия тежамкор ва замонавий материаллардан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари мирзаободлик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва хонадон эгалари билан учрашди.

Уй-жойлар ва инфратузилмани тиклаш, электр энергия, газ, ичимлик суви таъминоти ва йўлларни таъмирлаш бўйича зарур чоралар кўрилаётгани айтилди.

Учрашувда аҳолини нафақат уй-жой билан таъминлаш, балки корхоналар ташкил этиб, иш ўринлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсад билан қисқа вақтда қиймати 2 триллион 143 миллиард сўмлик 323 та катта-кичик лойиҳалар шакллантирилди. Уларни татбиқ этиш ҳисобига Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида жорий йилда 10 мингга яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Жумладан, Мирзаобод туманида жами 1 триллион 12 миллиард сўмлик 143 та лойиҳа амалга оширилиб, 4,5 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилиши мўлжалланган.

“ГулистонГолдЯрн” МЧЖ томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Мирзаобод Лимончилик кластери” МЧЖ томонидан замонавий типдаги иссиқхона ташкил этиш, “Самовий бахт қувончи” МЧЖ томонидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Мирзаободлик жабрдийдаларга ҳам, Сардобада бўлгани каби, тегишли сертификат ва пул маблағли банк карточкалари тарқатилди.

Давлатимиз раҳбари бу ерда ҳам қурилиши режалаштирилган турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.

 

ЎзА