Қирғизистон ҳукумати яна бир бор аэропортларни хусусийлаштириш ғояси билан чиқди

Қирғизистон ҳукуматининг 2019 йилги фаолияти юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинган парламент мажлисида депутат Эмиль Токтошев аэропортларни хусусий компаниялар бошқарувига топшириш лойиҳаси қандай кетаётгани билан қизиқди.
Депутат аэропортлар бошқарувини худди Тбилиси ёки Олмаотдагидек хусусий қўлларга топшириш кераклигини айтди.
Бош вазир Мухаммедкалий Абилгазивнинг таъкидлашича, айни дамда бу борада муассасалараро комиссия иш олиб бормоқда.
“Биз аэропортлар ривожланиши учун консультантлари энг яхши компанияни танлаб берадиган халқаро ҳамкорлар билан ишлаймиз. Тажрибали компанияни танлашимиз керак, биз томондан иқтисодиётимизга ҳисса қўшадиган, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлайдиган шароитлар яратилиши лозим. Аэропортлар ривожланиши, йўловчилар оқимини кўпайтириши керак. Комиссия 6 ой ишлади, май ойида лойиҳани сизга тақдим қиламиз”, — деди Абилгазиев.
Қирғизистон ҳукумати яна бир бор мамлакатдаги аэропортларни хусусий қўлларга топшириш ғояси билан чиқди. Иқтисодиёт вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг баёнот беришича, Қирғизистондаги аэропортларни давлат-хусусий ҳамкорлик схемаси бўйича топширишга тайёргарлик 2020 йил охирларигача олиб борилади.

 

ЎзА