Хитой билан ҳамкорлик вақтнинг жуда ҳам беҳуда кетишидир. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда баёнот берди.
«Биз эндигина ажойиб Битимга эришгандик, ҳатто сиёҳи ҳам қуримаган эди ва дунё Хитойдан келган вабодан азият чекди», деб ёзди Трамп коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан.
Куни кеча Оқ уй раҳбари Пекин билан эришилган савдо келишувларини қайта кўриб чиқиш ниятида эмаслигини айтган эди. ОАВнинг маълумотига кўра, Хитой келишувдан чиқишни ва АҚШдаги «COVID-19» пандемияси фонида ўзи учун фойдали бўлган шартларни қўймоқчи.
Ўз навбатида сенатор-республикачи Линдси Грэм “COVID-19 учун маъсулият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқилишини таклиф қилди. Ҳужжат Трампга, агар Пекин коронавирус инфекцияси тарқалиши бўйича тўлиқ ҳисобот бермайдиган бўлса Хитойга нисбатан санкция қўллаш учун имконият беради.
АҚШ ва Хитой январь ойи ўрталарида савдо-иқтисодий Битимни имзолаган эди. Ҳужжат АҚШдан Хитойга икки йил давомида 200 миллиард долларлик нефть, газ ва кўмир экспортини, шунингдек Хитой маҳсулотлари учун Америка божлари қисқартилишини ўз ичига олади.
Трамп коронавирус тарқалиши учун маъсулиятни инфекция илк тарқалган Хитойга юклайди. Худди президент сингари АҚШ давлат котиби ҳам вирус Ухандаги лабораториядан сизиб чиққан бўлиши эҳтимолини айтади. АҚШ разведка ҳамжамияти бунга далил борлиги юзасидан расман баёнот бермади. Хитой бу имкониятларни қатьиян инкор қилади.
Reuters агентлиги Хитой махсус хизматларига таянган ҳолда хабар беришича, коронавирус пандемияси атрофидаги вазият ва унинг оқибатлари АҚШ ва Хитой ўртасида қарама-қаршиликларга олиб келиши ва жаҳонда Пекинга қарши душманона кайфиятни пайдо қилиши мумкин экан.
АҚШ дунёда «COVID-19″дан энг кўп зарар кўрган мамлакат ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, бу мамлакатда салкам бир ярим миллион кишининг коронавирус инфекциясига чалингани айтилмоқда. 84 мингга яқин бемор вафот этди.
ЎзА