Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрининг Хумбуз овул маҳалласи ҳудудида 315 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли еттита уй фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини замонавий архитектура талаблари асосида ўзгартириш жараёнида аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, ёш ва кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилган уйлар “Нукус констант инжиниринг”, “Шўрахон қурилиш монтаж”, “Нукус искер”, “Кегейли янги давр” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қурилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган уйларда барча қулайлик яратилган.
Уч хонали хонадоннинг калити Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Патрул-пост бошқармаси ходими Айдос Тажимуратовга топширилди.
– Бу оиламиз учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди, – дейди А.Тажимуратов. – Янги уйдаги қулайликлардан, айниқса, рафиқам Меҳрибон жуда хурсанд бўлди. Меҳмон кутиш, болалар хоналари, ошхона, умуман, барчаси аъло даражада. Бундай эътибор учун давлатимиздан миннатдормиз.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.