Турли даражадаги карантин ҳолатлари 2022 йилгача сақланиб қолиши мумкин

Гарвард университети тиббиёт мактаби экспертлари коронавирус тарқалиши ва ушбу касалликка қарши кураш моделлари бўйича изланиш олиб боришмоқда.

Тадқиқот муаллифлари фикрича, 2022 йилгача турли даражадаги ҳимояланиш тартиблари талаб этилиши эҳтимоли бор.

Бундай чоралар янги хавф туғилиши ва шифохоналарга ортиқча юкланиш тушишининг олдини олиш мақсадида кўрилади.

Яна бир ярим йилдан сўнг одамларда оммавий равишда жамоавий иммунитет ҳосил бўлади ва шундан кейин масофаланишдан воз кечиш мумкин. Ўша вақтгача “25 фоиздан 75 фоизгача қандайдир кўринишларда карантин режимига риоя қилиш“ керак бўлади, дейишмоқда тадқиқотчилар.

Изланувчилар жуда кескин ижтимоий масофалаш тартиби жараённинг чўзилиб кетиши, оммавий иммунитет шаклланиш муддати ортга сурилиб кетишига олиб келиши мумкинлигини айтишган. Шундай бўлса-да, барибир ҳимояланишнинг муайян шаклларини сақлаб қолиш зарурлиги таъкидланмоқда.

Шу билан бирга эпидемия табиий равишда сўниб борса, масалан, биргина вирус ташувчи томонидан юқтириш даражаси ўртача бир одамдан кам бўлган тақдирда ҳам 2024 йилгача коронавирус инфекцияси қайтадан урчиши эҳтимоли жуда юқори бўлади.

 

ЎзА