Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон иқтисодиёт банки, Қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича халқаро агентлик (IRENA) ҳамкорлигида қайта тикланувчи энергия манбалари масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш борасида муайян тажриба тўплангани, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда қайта тикланадиган энергия манбаларини янада ривожлантириш борасида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий вилоятларида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тадқиқотлари натижалари жаҳон миқёсида эътироф этилаётир. Мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида салмоқли тажриба тўпланган.
Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган сиёсатни ва соҳага жалб этилаётган инвестицияларни қўллаб-қувватламоқда.
– Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари салоҳияти юқори, – дейди Жаҳон банкининг энергетика соҳасидаги глобал амалиёти раҳбари Самир Шукла. – Мамлакатда деярли ҳар куни офтоб нур сочиб туради, текисликларда кучли ҳаво оқимлари вужудга келади. Бу қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётга жорий этиш учун қулай имконият. Бу соҳада ҳамкорликни янада кучайтириш ниятидамиз.
Халқаро семинарда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда илғор халқаро тажрибани ўрганиш, уларни муқобил энергия ишлаб чиқариш жараёнига жорий қилиш механизмларини ривожлантириш, соҳадаги билимларни ошириш, шунингдек, юқори самарали лойиҳаларни ишлаб чиқариш ва амалга ошириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Султонов сўзга чиқди.