Владимир НОРОВ: Хитой буюклик намунасини намоён этмоқда

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Владимир Норов Хитой Халқ Республикаси коронавирусга қарши курашда эришган ютуқлар ҳақида “Жэньминь Жибао” газетаси мухбирига интервью берди.
Унинг фикрича, Хитойда коронавирус эпидемиясининг йўлини қирқиш, касалликни назоратга олиш борасида олиб борилган ишлар муваффақиятига, энг аввало оммавий равишда бирлашиш ва ҳукумат томонидан кўрилган ташкилий чоралар замин яратди.
“Биз Хитойнинг ўз имкониятлари доирасида бошқа мамлакатларга бераётган ёрдамини юқори баҳолаймиз. Жадал суръатда ўсиб бораётган иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт Хитойга жаҳон иқтисодиётини ҳам турғунлик давридан чиқаришга кўмаклашиш имконини бермоқда. Хитой халқи нафақат янги эпидемия олдида таҳликага тушиб қолмади, балки юксак даражадаги мардлик намунасини кўрсатиб, ўта жиддий синовларни, ноқулайликларни енгиб ўтди. Эпидемия билан кураш бир дақиқага бўлсин, тўхтамади. Хитой ҳукумати оммани бирлаштириш, эпидемияга қарши кураш профилактикасини кучайтириш ва бутун мамлакат бўйлаб ёйиш учун тезкорлик билан кескин қарорлар қабул қилди“, – деди у.
Норов мамлакатнинг барча нуқталаридан мунтазам равишда тиббиёт ускуналари ва дори воситаларини етказиб бериб турган тиббиёт муассасалари фаолиятини алоҳида қайд этди. Натижада Уханда қисқа вақт ичида иккита махсус шифохона қуриб битказилди. 40 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари Хубэй провинциясига ёрдамга келиб, “оловли нуқтада” эпидемияга қарши жон-жаҳдлари билан курашдилар.
Чин халқининг интилишлари халқаро жамоатчиликда юксак ҳурмат ва эътироф уйғотди. Кўплаб давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари Хитой томонидан қўлланган профилактика тадбирларини юқори баҳолаб, мамлакатнинг эпидемияга қарши курашда эришган ютуқларини тан олдилар. 1 миллиард 400 миллион аҳоли ҳукуматнинг коронавирус эпидемияси йўлини қирқиш, касалликни назоратга олиш бўйича қабул қилган кескин қарорларини фаол қўллаб-қувватлади. Ҳамма бирдам ҳаракат қилгани боис, ижобий натижага эришилди. Халқ шу йўл билан Хитойнинг ҳақиқий қудратини намойиш этди.
Бош котибнинг қуйидаги сўзлари ҳам эътиборга лойиқ: “ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари эпидемия пайдо бўлган дастлабки кунларданоқ Хитойнинг интилишларини сўзсиз қўллаб-қувватлашларини билдириб, ушбу мамлакатга дори-дармон, тиббий ва шахсий ҳимоя воситалари жўнатишди. ШҲТ Котибияти жамоаси ўзининг Хитой халқига тилагини “ Ухань шаҳри аҳли билан қалбан ва юракдан биргамиз. Олға, Хитой!“ номли видеоролик орқали изҳор этишди. Мазкур лавҳа Хитой жамоатчилиги томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Бизнинг “Тугамайдиган қиш, келмайдиган баҳор бўлмайди! ШҲТ Хитой халқи билан бирга! Олға, Хитой! Олға, Ухань!“ деган шиоримиз ҳамон Котибиятнинг Пекиндаги биноси пештоқида ҳилпираб турган ШҲТга аъзо давлатлар байроқлари остида битилган турибди“.
Норов шунингдек, эпидемия пандемия тусини олгани, энди ҳеч бир давлат ўз ҳолича ушбу касаллик билан круаша олмаслигини ҳам таъкидлаган.
Турли давлатлар ҳукуматлари тезда ўзаро мулоқот ўрнатишлари, ўз вақтида профилактика ишларини амалга ошириш, касалликни даволаш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантиришлари лозим. Яна бир муҳим жиҳат бор. Давлатлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига амал қилишлари керак: нафақат вирус тарқалиши суръатини пасайтириш учун карантин чораларини жорий этиш, балки ҳар бир мамлакатдаги эпидемиологик вазият тўғрисидаги аниқ ва тезкор ахборот тақдим этиш, касалликка қарши курашни маҳаллий шарт-шароитларга мувофиқ тарзда олиб бориш зарур.
Хитой пандемияга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида бошқа мамлакатлар ва тегишли халқаро ташкилотлар билан бирга ҳаракат қиляпти, муҳтож давлатларга ёрдам беряпти. Масалан, Италияга вирусолог ва эпидемиологлардан иборат уч гуруҳ мутахассислар юборилди, жуда кўп миқдорда даволаш ишлари учун зарур бўладиган тиббий материаллар ва ускуналар етказиб берилди. Хитойлик экспертлар эпидемияга қарши курашиш бўйича ўз тажрибасини эронлик ҳамкасблари билан ўртоқлашдилар. Хитой ер юзи аҳолисига нисбатан ғамхўрлик ҳиссини, масъулиятли, буюк давлат руҳини намоён этган ҳолда бошқаларга ёрдам бермоқда. Шу тариқа бутун инсоният соғлиғини асраш ишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
“Хитойнинг эпидемияга қарши курашдаги тажрибаси шуни кўрсатдики, “барвақт аниқлаш, барвақт хабардорликни таъминлаш, барвақт изоляциялаш ва барвақт даволаш“ энг самарали чоралар ҳисобланади.
Барча давлатлар ҳукуматлари қийинчиликларни енгиб ўтиш бўйича биргаликдаги интилишларни ташкил этиш учун юксак даражадаги ҳамкорлик салоҳиятини намоён этишлари лозим. Ишончим комил, ШҲТга аъзо давлатлар Хитойнинг пандемияга қарши кураш бўйича қимматли тажрибасини инобатга олган ҳолда, мазкур хавфли касалликни енгиш учун бор имкониятларни ишга солишади“, – деди дипломат.
Бош котибнинг мулоҳазасига кўра, коронавирус тарқалиши маҳсулот етказиб бериш билан боғлиқ глобал занжирларни узади ва хизматлар кўрсатиш соҳасига ҳам салбий таъсир ўтказади. Хитой жаҳоннинг барча ишлаб чиқариш занжирларига чамбарчас боғланган саноқли давлатларидан биридир. Мамлакатда эпидемияни назоратга олиш бўйича вазият яхшилангач, 2020 йилнинг 28 март ҳолатига Хитойнинг 98,6 фоиз саноат корхоналарида ишлаб чиқариш қуввати тикланди.
“ХХР Молия вазирлиги ва бошқа идоралар томонидан биргаликда ўрта, кичик ва микро корхоналар фаолиятини қайтадан тиклаш мақсадида бундай тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар ва бошқа йиғимларни камайтириш бўйича преференциал чораларни назарда тутувчи бир қатор қарорлар қабул қилинди. Қишлоқ хўжалиги, дастлабки қайта ишлаш ва бошқа кўплаб маҳсулотлар учун экспортга йўналтирилган молларга қўйилган солиқларни қайтариш ставкаларини ошириш кўзда тутилган. Бу ташқи савдо аста-секин жонланишига олиб келади. Демак, қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, Хитойнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш суръати тез орада тўлиқ меъёрига тушади ва шу орқали жаҳон иқтисодиётининг танг ҳолатдан чиқиб олишига кўмаклашади“, – деди Норов сўзининг охирида.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.

 

Ғайрат Хонназаров, ЎзА