Тадбиркорлик ривожланса камбағаллик камаяди

Аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларнинг оғирини енгил қилишда давлат идоралари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир.
– Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла» тамойили асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги «Қиличбой» овул фуқаролар йиғини раиси Баҳром Қодиров. – Жумладан, ҳудудимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда кекса авлод вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нафақадаги ходимлари бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилди.
Ўтган йилда овул фуқаролар йиғини “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилиши муносабати билан худудда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Дастур асосида 75 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинди. Овул фуқаролар йиғини биноси тўлиқ реконструкция қилинди ва иккита мактабгача таълим ташкилоти биноси янгидан қурилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси таъмирланиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада яхшиланди. Марказий кўчага тунги ёритқичлар қўйилиб, пиёдалар йўлакчалари барпо этилди. Узунлиги 11 километр узунликдаги ички кўча таъмирланди. Аҳоли уй-жойларини таъмирлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш шаҳобчаси ишга туширилди. Йўл бўйларига бекатлар қурилиб, автобус қатнови йўлга қўйилди.
photo_2020-03-24_15-28-23.jpg
Суғориладиган ариқлар тозаланиб, аҳолининг томорқа ерлардан самарали фойдаланишига тўлиқ имконият яратилди. Шунингдек ҳудуддаги коллекторларнинг қазилиши ерларнинг самарадорлигини янада оширди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттириш, бунинг учун биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш – биз учун бош вазифалардан бири бўлиб қолади. Шу нуқтаи назардан камбағалликни камайтиришнинг бирдан бир йўли – бу тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш бўлиб ҳисобланади.
Овул фуқаролар йиғинимизда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, бунга аҳолини, шу жумладан, ёшларни кўпроқ жалб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада 7 нафар фуқарога 430 миллион сўм микдорида кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Ёш тадбиркор Жавлонбек Маткаримов имтиёзли кредит эвазига тадбиркорлик фаолиятини бошлади. У қуриб ишга туширган «Фитнес клуб» биноси қишлоқ кўркига кўрк қўшиш билан бирга аҳолига хизмат кўрсатмокда. Тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Турсунбой Мадаминов ва Зулхумор Қодировалар ташаббуси билан кўп қаватли савдо маркази ишга туширилди. Юлдаш Раҳимберганов томонидан 22-мактабгача таълим муассасасига қарашли уй боғчаси ишга туширилиб, 10 кишининг бандлиги таъминланди.
Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилди. Айниқса, ҳудудимиз аҳолиси жорий йил 14-15 март кунлари бўлиб ўтган «Обод юрт» умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашарида фаол иштирок этди. Овул фуқаролар йиғини ҳудудида гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари билан бир қаторда ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашилди.
photo_2020-03-24_15-28-24.jpg
Айни кунларда аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари бўйича тузилган ишчи гуруҳ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Ҳар бир хонадонда парранда ва қорамол бош сонини ўтган йилга нисбатан кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу вазифаларни бажаришда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳа ходимлари меҳнатини муносиб баҳолаш асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА