Бугун Оролбўйи ҳудудини дарахтзорга айлантириш барчанинг эзгу ниятига айланмоқда. Шунга монанд, давлатимиз раҳбари Мўйноққа ташрифи чоғида Орол денгизининг қуриб қолган тубига ҳимоя ўрмон ўсимликларини экишни тезлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берган эди.
Унга кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Орол денгизининг қуриган ҳудудларида “яшил майдон” ўрмонзорларини барпо этишни жадаллаштириш мақсадида “Оролни асрайлик” акцияси ташкил этилди, деб хабар берди матбуот хизмати.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида ишловчи ёшлар бу акцияни қўллаб-қувватлаган ҳолда Мўйноққа сафар қилиб, Оролбўйи ҳудудидаги тузли қумларни атрофга тарқалишини камайтириш ҳамда экологиясини яхшилаш мақсадида саксовул, юлғун ва қорабарақ каби бутасимон ўсимликлар кўчатларини экди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирдан кўзланган ягона мақсад келгусида бу жойларда “яшил қоплама” ўрмонзорлар барпо бўлиши, Оролбўйида янги ҳаёт бошланишига ҳисса қўшишдир.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ишларни самарали ташкил этиш бўйича Президентимизнинг 2017 йил 18 январда “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги қарор ҳам имзоланган.
ЎзА