Бугун, 9 март куни эрталаб, Нукус айланма йўли ва Спитамен кўчаси чорраҳасида «Nexia» автомобили «Lovol» юк автомобили билан тўқнашган. «Дежурная часть» телеграм каналининг маълум қилишича, юк автомобили чапга ҳаракатланаётган пайтда «Nexia» бошқарувчиси қувиб ўтмоқчи бўлган ва тўқнашув содир бўлиб, «Nexia»да ёнғин юзага келган.
Ҳодиса оқибатида «Nexia» бошқарувчиси ва ундаги йўловчи вафот этган. Ҳозирда содир бўлган ЙТҲ бўйича аниқлуштирув-текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, 2020 йил январь-февраль ойларида Қорақалпоғистон Республикасида жами 54 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Шундан пиёдалар ўтиш йўли билан боғлиқ 9 та ҳолат кузатилган. Белгиланган тезликка риоя этмаслик ҳолати 10 та, ҳаракат вақтида телефондан гаплашиш натижасида бир воқеа кузатилган. Ҳудудда энг кўп кўрсаткич ҳаракат давомида йўналишни ўзгартириш билан боғлиқ бўлиб, 34 та ҳолатда йўл транспорт ҳодисаси рўй берган.
Е.Қаноатов, ЎзА