ОТМларнинг глобал рейтингдан ўрин эгаллашига кўмаклашиш учун “10/1000 Ўзбекистон” лойиҳаси амалга оширилади

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Times Higher Education халқаро рейтинг агентлигининг Стратегик ечимлар бўйича директори Майкл Каруна билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, келгусида амалга ошириладиган ҳамкорлик йўналишлари, хусусан Ўзбекистон миллий ОТМлар рейтингини THE методологияси асосида такомиллаштириш ва миллий ОТМларимизнинг халқаро рейтингда ўрин олишларини таъминлаш бўйича режалар муҳокама қилинди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 январдаги “Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Таълим инспекциясига Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари рейтингини тузиш ва расман эълон қилиш ва дунёнинг етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва миллий олий таълим муассасаларининг ушбу рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифаси юкланган эди. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикамиздаги камида 10 та ОТМни халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга, шу жумладан ЎзМУ ва СамДУни биринчи 500талик рўйхатга киритиш белгиланган.

Мазкур вазифаларни бажаришда Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги Таълим инспекциясига яқиндан кўмаклашиб келмоқда.

Хусусан, миллий ОТМлар рейтингидаги индикаторлар THE мутахассислари томонидан экспертизадан ўтказилиб, ижобий тақриз берилди. Бугунги кунда Ўзбекистон ОТМларининг рақобатбардошлигини ошириш, улар орасидан энг яхшиларини дунёнинг етакчи илмий-таълим марказлари қаторига киритиш, пировардида университетларнинг нуфузли халқаро рейтингига киришини таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Амалий ҳамкорлик натижаси сифатида THE томонидан 2019 йилнинг 10-12 сентябрь кунлари Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ўтказилган “Бутунжаҳон Таълим Саммит”ига Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси делегацияси ҳам таклиф этилгани ва ташриф мобайнида THE раҳбарияти билан Ўзбекистонда ОТМларнинг глобал рейтинг рўйхатидан ўрин эгаллашига кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик лойиҳасини амалга оширишга келишиб олинганини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Таълим инспекция бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев THE вакилларига самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирар экан, “Бутунжаҳон Таълим Саммит“ давомида орттирилган тажриба ва ўтказилган учрашувлар якунлари бўйича юртимизда олий таълим сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини маълум қилди.

Шунингдек, инспекция бошлиғи миллий ОТМлар рейтинги Ўзбекистон ОТМларининг халқаро рейтингларда ўрин олиш учун кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётганлигини таъкидлаб ўтди. THE (Times Higher Education), QS (Quacquarelli Symonds), ARWU (Academic Ranking of World Universities) каби нуфузли рейтинг агентликлари тажрибасини ўрганган ҳолда йўлга қўйилган тизим ўзининг дастлабки ижобий самараларини бера бошлагани бир қатор индикаторлар бўйича ўсиш кўрсаткичлари қайд этилаётганини маълум қилди.

Учрашувда миллий ОТМларнинг глобал рейтингдан ўрин олишлари учун зарур кўрсаткичлар хусусан, илмий изланишларнинг нуфузи, молиявий мустақиллик, халқаро нашрларда эълон қилинган мақолалар, хорижий талабалар ва профессор-ўқитувчилар салмоғини ошириш ҳамда фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича мавжуд муаммоларни бир-иккита масъул идоралар иштироки билан амалга олиб бўлмаслиги ва бунинг учун барча мутасаддилар бирдек масъулият билан ёндашиши лозимлиги, айниқса университетларнинг васийлик кенгашларининг роли алоҳида аҳамиятга эга эканлиги тилга олинди.

Улуғбек Ташкенбаев миллий рейтинг тизимида юқори ўринларни эгаллаб турган ОТМларда ҳам халқаро рейтинг талабларини тўғри йўлга қўйиш учун ҳамкорликда стратегия ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтди. Айниқса халқаро рейтингларда салмоқли аҳамиятга эга илмий фаолиятни тўғри ташкил этилишини таъминлаш мақсадида, ҳукумат раҳбарлари, Таълим инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, халқаро тажрибаларда кузатилгани каби Ўзбекистон ОТМларининг глобал рейтинглардаги ўрнини шакллантиришга асос бўлувчи янги “10/1000 Ўзбекистон” лойиҳаси фаолияти йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Ўз навбатида Times Higher Education халқаро рейтинг агентлигининг Стратегик ечимлар бўйича директори Майкл Каруна илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, инспекция томонидан ўтказилган ўрганишлар ва аниқланган рейтинг Ўзбекистон ОТМларининг келгусида халқаро рейтингларда иштирок этишида муҳим роль ўйнашини айтиб ўтди. Шунингдек, THE халқаро ташкилоти Таълим инспекциясини қўллаб-қувватлашда давом этиши ҳамда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда давомида THE рейтинг агентлиги билан мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва ОТМлар учун Ўзбекистонга хос рейтинг методологиясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолаш масаласи муҳокама қилинди.

Халқаро ташкилот вакиллари бу турдаги шартнома Япония билан ҳам амалга оширилгани, унда давлатнинг имкониятлари ва ўзига хос талабларидан келиб чиққан холда мослашган рейтинг методологияси яратилишини айтиб ўтишди. Ушбу стратегия асосан 5 йиллик бўлиб, унда ОТМларнинг 5 йиллик фаолияти таҳлил қилинади. Мазкур ўзига хос методология асосида фаолият олиб борилиши натижасида ҳозирда THE томонидан дунё университетларининг 2020 йилги рейтингида топ 1000 рўйхатидан Япониянинг 110 та университети ўрин эгаллаган.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро даражадаги нуфузини оширишга кўмаклашиш, миллий рейтинг тизими методологиясини THE билан ҳамкорликда такомиллаштириш бўйича шартнома имзолаш бўйича режалар белгилаб олинди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати

 

ЎзА