25 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг кафолатини таъминлаш мақсадида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шартлиги, рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши белгиланган.
Ушбу қонун талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексида тегишли жазо чоралари қўлланилиши белгиланган.
2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан олиб борилган назорат ишлари натижасида 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текшириш ўтказган 25 нафар назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар тузилиб, судлар томонидан айбли деб топилган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ходимлари томонидан 2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Нукус шаҳридаги “МТ Нукус” масъулияти чекланган жамиятининг лицензия талаб ва шартларига риоя қилиниши юзасидан текширишлар ўтказилиб, фаолият юритиши учун қийинчилик туғдирган. Натижада тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили девонига мурожаат қилган. Вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида Транспорт вазирлиги ходимларининг ҳаракатлари ноқонунийлиги аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилди ва суд томонидан жарима жазоси қўлланилди.
Шу тариқа, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ва қонуний фаолият юритиши учун амалий ёрдам берилди.
А.КАМАЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти 
ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг 
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини 
ҳимоя қилиш бўйича вакил девони 
етакчи инспектори.

ЎзА