Икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг саноат салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида ўзаро маълумот алмашиш, тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган ушбу форумда Қозоғистондан 200 дан ортиқ, мамлакатимиз вилоятларидан 150 га яқин ишбилармон доира вакиллари қатнашди.
Форумнинг биринчи куни икки мамлакат вазирлик ва идоралари масъул ходимлари, ҳудудлар раҳбарлари, тадбиркорлар, иқтисодчи олимлар иштирокида йиғилишлар, чегарадош ҳудудлар бизнес вакиллари учрашувлари ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбирлар доирасида қатор савдо-инвестициявий шартномалар, ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича келишувлар имзоланди.
26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин иштирокида ҳукуматлар делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
А.Арипов кейинги йилларда мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар икки томонлама алоқаларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига замин яратгани, бугунги кунда Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Асқар Мамин мазкур форум юқори савияда ташкил этилганини алоҳида қайд этиб, анъанавий меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди. Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мунтазам ўтказилаётган ҳудудлараро ҳамкорлик форумини мамлакатларимиз алоқаларининг фаоллашувига ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Биринчи форум 2018 йил ноябрь ойида Чимкент шаҳрида ўтказилган эди. Унда эришилган келишувлар бугунги кунда ўз натижаларини бермоқда.
Иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларидаги алоқалар жадаллашгани туфайли мамлакатларимизнинг ўзаро савдо ҳажми 2019 йилда қарийб икки баробар ўсиб, 3,3 миллиард доллардан ошди. Икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукуматлар зиммасига жорий йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга, яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун мамлакатларимизда етарли салоҳият мавжуд.
Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Ўтган бир йилдан зиёд вақт мобайнида мамлакатларимиз вилоятлари раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашгани, вилоятлар делегацияларининг 12 та ўзаро ташрифи амалга оширилгани бунга яққол мисол. Натижада ҳудудлар ўртасидаги савдо ҳажми 40 фоиз ошди.
Иккинчи Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида ўтган ҳукуматлар делегациялари учрашувида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, божхона, энергетика, сувдан фойдаланиш, транспорт-транзит каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин иккинчи Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг якуний декларациясини имзолади. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида идоралараро ва ҳудудлараро даражадаги 16 та ҳужжат қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, “Ўзавтосаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, Қозоғистондан Савдо ва интеграция, Миллий иқтисодиёт вазирликлари, Мангистау, Қизил Ўрда, Оқтўбе, Кустанай, Туркистон вилоятлари, Чимкент шаҳри ҳокимиятлари ўртасида тегишли ҳужжатлар қабул қилинди.
Қозоғистон ҳукумати раҳбари Асқар Мамин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида шу куни қадимий Хива шаҳрини томоша қилди.