Ижтимоий тармоқларда тарқалган, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган “Кечга қолган ўқувчидан 2000 сўм, дарсга келмаганлардан 10 000 сўм жарима пули ундирилиши ёзилиб, тарқатилган видеотасвир” бўйича ЎзА мухбири суриштирув ўтказди.
Воқеа видеотасвирда таъкидланганидек, Андижон шаҳридаги 1- умумтаълим мактабининг 7-Б синфида юз берган. Лолахон Тўйчиева раҳбарлик қилаётган мазкур умумтаълим мактаби вилоятдаги энг катта ва нуфузли таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Дарслар тўлиқ рус тилида олиб бориладиган ушбу мактабда айни кунда 3 минг 600 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади.
Нафақат Андижондаги, балки мамлакатимиз умумтаълим мактабларида таълим-тарбия, ижтимоий-маънавий муҳит, коррупция ҳолатлари билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжудлиги кўпчилик учун сир эмас. Бироқ аҳволнинг шу даражага етиши, албатта, барчамизни жиддий ташвишга солади.
Аслида нима бўлган эди, деган савол билан мактаб маъмуриятига мурожаат қилдик.
Тимур МАҲМУДЖОНОВ,
мактаб психологи:
– Балоғат ёшидаги ўқувчилар билан боғлиқ бундай ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда тарқалганлиги, энг аввало, ана шу ўқувчиларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Ушбу тасвирни олишни ташкиллаштирган блогер мана шу жиҳатга, яъни ёш йигит-қизларнинг бутун мамлакатга овоза бўлиши салбий ҳолатларга олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратиши лозим эди. Воқеа хусусида тўхтатадиган бўлсак, албатта, бу каби ҳолатни оқлаб бўлмайди. Бироқ у анча бўрттириб кўрсатилган, ҳолатнинг асл моҳиятини билиб шундан кейингина ижтимоий тармоқда тарқатиши керак эди.
Ҳаётхон МАҲМУДОВА,
мактабнинг она тили ва адабиёти
фани ўқитувчиси, 7-Б синф раҳбари
(воқеанинг бевосита иштирокчиси):
– Қарийб 32 йилдан буён ўқитувчилик қиламан. Ўқувчилар билан ишлаш осон эмаслигини, айниқса, ўқитувчилар яхши билади. Фаолиятим давомида ёшларга пухта билим беришга, одобли бўлиб камол топишларига ҳаракат қилиб келдим. Минг афсуски, яхши ниятда қилган ишимиз нотўғри талқин этилиб, шунча йиллик фаолиятимга қора доғ бўлиб қолмоқда.
Ушбу синф ўқувчиларининг аввал бир неча марта дарсдан кетиб қолиш, дарсга кирмаслик ҳолатлари бўлган. Бу ҳақда мактаб раҳбариятига, ота-оналар йиғилишларида ота-оналарга айтганман, зарур тарбиявий-тушунтириш ишлари олиб борганман.
Ўқувчиларнинг дарсдан қолмаслиги, давомат доимий юқори бўлишини таъминлаш мақсадида ота-оналар билан келишган ҳолда ҳақиқатдан ҳам “жарима” тартибини жорий этганмиз.
Ота-оналар билан жамғарилган пуллар синфимиз томонидан ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар, музей ва бошқа жойларга экскурсияларга боришга сарфланишига ёки ота-оналарга қайтариб берилишига келишиб олган эдик. Асосий мақсад эса, ўқувчиларнинг дарсларга кечикмасдан, прогулсиз келишига эришишдан иборат эди.
Ҳамидахон БАҲРОМОВА,
7-Б синф ўқувчиси онаси:
– Жарима тариқасида пул йиғиш тартибининг жорий этилганидан шахсан мен хабардорман ва бу таклифни қўллаб-қувватлаганман. Бу фарзандларимизнинг фақат ижобий томонга ўзгартиради, деб ҳисоблайман.
Мени бу ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганлиги кўпроқ ташвишга солади. Чунки ёш ўқувчиларнинг салбий ҳолатдаги кўриниши уларнинг тенгдошлари олдида ноқулай аҳволга солди, уятга қўйди. Буни фарзандимнинг юриш-туришидан, гап-сўзларидан кўриб-билиб турибман. Видеотасвирни тарқатган мухбир болаларимизни ана шундай ҳолатга туширишга ҳаққи йўқ эди.
Воқеа хусусида юқоридаги каби турли-туман фикрлар айтилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси эса ушбу воқеага қуйидаги расмий муносабатни билдирди.
“Жорий йилнинг 25 февраль куни ижтимоий тармоқлар орқали “Кечга қолган ўқувчидан 2000 сўм, дарсга келмаганлардан 10 000 сўм жарима пули ундирилар экан” мазмунда берилган мақола юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.
Андижон шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактабидаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг назорат-ҳуқуқий хизмати ҳамда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича тасвирдаги ҳолат юзасидан умумтаълим мактабининг ўқитувчиси, 7 “Б” синф раҳбари Ҳаётхон Маҳмудовага нисбатан қонун доирасида чора кўрилди. Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси
Матбуот хизмати”
Ўрганишлардан сўнг Ҳаётхон Маҳмудова ишдан бўшатилибди.
Мактаб психологи, ўқитувчилари билан суҳбатда айрим ўқувчиларнинг дарсларга кирмасликлари, интернет кафеларда вақт ўтказишлари ҳақида гаплар айтилди. Мактабда таълим-тарбия ишлари зарур даражада олиб борилаётган бўлса, нима учун бундай ҳолатлар юз бермоқда? Балки бу борадаги ишларни кучайтириш керакдир, деган саволларга мактаб маъмурияти, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддилари жавоб излашга ҳаракат қилишар?!
Сўз юритганимиз видеотасвирдаги воқеа ҳақиқатдан ҳам барчамизни жиддий ташвишга солади. Бундай ҳолатга асло йўл қўйилмаслиги керак эди. Бироқ ана шу ҳолат нечоғли тўғри ёки нотўғрилиги, ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигига халқ таълими мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари тегишли хулоса чиқариб, зарур чоралар кўради, деб умид қиламиз.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА