Сенатор - қонунларни саралаб, халқимиз манфаатларига мосларини танлаши даркор

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг биринчи йиғилишида иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев бўлиб ўтган сайловлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Сайлаган халқимиз ҳам кечаги халқ эмас, сайланган депутатлар ҳам кечаги депутат эмас, деб алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Сенатор – халқимизга яқинроқ, ҳамма масалаларни чуқур таҳлил қилиб, сўнг қарор қабул қилиши зарур.
Ҳозирги сенаторларга бугунги тарихий йилларда сенатор бўлиш насиб қилди. Сенатор ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган, катта турмуш тажрибасига эга кишилар.
Шу нуқтаи назардан улар қонунларни саралаб, халқимиз манфаатларига мосларини танлайди. Токи келгусида ўша қонунлар халқимизга манфаат берсин.
Сенаторлар жонажон Ватанимизга бефарқ бўлмаган инсон сифатида келгусида барчага ўрнак бўлади. Дунё тан олаётган янги Ўзбекистоннинг қонунчилик, адолат нуқтаи назаридан мақсадларини амалга оширувчилар – бу сенаторлардир.
Ўз навбатида, сенаторлик юксак шараф, ўн карра, юз карра масъулиятдир.
Президент Сенат нафақат тажрибали, ҳаёт тажрибасига эга, балки профессионал жиҳатдан ҳам ҳар жиҳатдан етук эканига эътибор қаратди. Улар орасида иқтисодчилар, ўқитувчилар, журналистлар, тиббиётчилар, жамоат ташкилотлари билан бирга илмий даражага эга домлалар бор.
Сенат томонидан ўтган даврда муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Тўй ва бошқа мросимларни тартибга солиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Бу халқимиз манфаатига хизмат қилади. Эндиликда буни амалда таъминлашга этибор қаратиш зарур.

 

Норгул АБДУРАИМОВА​, ЎзА