Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазма аҳолини музей фондида сақланаётган қадимги даврларга тегишли қурол-яроғ намуналари ва ҳарбийлар фойдаланаётган замонавий жанговар қуроллар билан таништириш, уларнинг келиб чиқиш тарихи, ясалиш техникаси ва қўлланилиши ҳақида маълумот беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Музейнинг археология фондида сақланаётган қадимий даврларга оид топилмалар Жанубий Оролбўйида яшаб келган халқларнинг маданияти, яшаш шароити, диний эътиқоди, шунингдек, душманлардан ҳимояланишда фойдаланган қурол-яроғлари ҳақида кенг тушунча беради.
Кўргазмада Тупроқ-қалъа, Одамли-қалъа каби антик давр ёдгорликлари қаторида Катта Гулдурсун, Қават-қалъа ва Жампиқ-қалъа ёдгорликларидан топилган ўрта асрларга тегишли 34 та қурол-яроғ намунаси ўрин олган. Камон бўлаклари, бронза ва темирдан ишланган ўқ учлари, ўқдон бўлаги, ҳар хил ҳажмдаги тошдан ясалган ядролар, найза учлари, жанговар болталар, пичоқлар ва бошқа қадимий қурол – яроғ намуналари қадим тарихдан гувоҳлик беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан фойдаланилаётган замонавий ўқув қурол-аслаҳалари ва қўриқлаш сигнализация ускуналари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.