"ЎзЛиДеП"​ сиёсий кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот​

2020 йил 18 январь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.«ЎзЛиДеП» сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда партия муваффақиятли иштирок этганини таъкидлади. Партия сайлов якунлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 53 нафар депутатлик ўрнини эгаллаб, парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил этди.

Асосий қонунимизга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Йиғилишда Конституциямизнинг 98-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи сиёсий кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Мажлисда сўзга чиққан партия фаоллари Л.Муратова, В.Пак, О.Отахонова, Р.Кушербаев, Д.Каттахонова ва бошқалар Бош вазир лавозимига 2016 йилнинг декабрь ойидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган «ЎзЛиДеП» сиёсий кенгаши аъзоси А.Арипов номзодини кўриб чиқишни таклиф қилди. Номзод катта тажрибага эга эканини, унинг раҳбарлигида Ҳукумат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган кенг кўламли ислоҳотлар ва вазифаларни амалга оширишда сезиларли муваффақиятларга эришганини қайд этишди.

Бош вазир лавозимига номзод А.Арипов мажлис иштирокчилари эътиборига Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастуридан келиб чиқадиган асосий ва устувор йўналишларни ҳавола этди.

Номзод тақдим этган Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастуридан келиб чиқадиган асосий ва устувор йўналишлар қўллаб-қувватланди ва тасдиқланди.

Муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Бош вазир лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида ишлаб келаётган А.Арипов номзодини тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

ЎзА