Ўзбекистон – Япония: савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик соҳасида янги саҳифа​

Давлатимиз раҳбари Япония Бош вазири ўринбосари, молия вазири Таро Асо, парламентдаги «Ўзбекистон – Япония» дўстлик лигаси фаоллари ҳамда Кунчиқар мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. 

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг таклифига биноан 17 декабрь куни расмий ташриф билан Нагоя шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарининг Японияга ташрифи дастури 18 декабрь куни тонгда Аичи префектураси губернатори Хидэки Омура билан учрашувдан бошланди.

Аичи префектураси Япониянинг марказий қисмида, Тюбу вилоятида жойлашган. Префектуранинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 375,3 миллиард доллар бўлиб, Токиодан кейин иккинчи ўринда туради. Автомобилсозлик, аэрокосмик саноат, керамика буюмлари ишлаб чиқариш, металлургия, қишлоқ хўжалиги ҳудуд иқтисодиётининг асосий тармоқлари ҳисобланади.

Аичи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Японияда етакчи. Ҳудудда «Toyota» корпорацияси, шунингдек, автомобиллар учун бутловчи қисмлар тайёрлайдиган кўплаб заводлар (кластерлар) қароргоҳлари ва ишлаб чиқариш қувватлари жойлашган. Шунингдек, бу ерда Япониянинг Toyota Motor Corporation, DENSO, Panasonic Ecosystems, Mitsubishi Aircraft Corporation, Brother Industry, Aichi Steel, Makita, Rinnai, INAX, Kagome, Daido Metal Industry, Asahi Beer сингари йирик компаниялари фаолият кўрсатади.

Транспорт қисмлари, технологик ускуналар, чўян ва пўлат, каучук ва пластмасса ишлаб чиқариш бўйича ҳам префектуранинг салоҳияти юқори.

Тюбу вилояти самолёт ва улар учун эҳтиёт қисмларнинг 50 фоизини ишлаб чиқарадиган Япониянинг аэрокосмик технологиялар тайёрлайдиган йирик маркази ҳамдир. Аичи префектураси саноат роботлари етказиб бериш, уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ва соҳада фаолият юритувчи мутахассислар сони бўйича Кунчиқар мамлакатда биринчи ўринда туради.

2018 йилда ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси 226,5 миллиард долларни ташкил этган. АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи давлатлари, Корея Республикаси унинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади.

Ўзбекистон учун Япониянинг ушбу маъмурий ҳудуди билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳар томонлама манфаатлидир.

Учрашувда мамлакатимиз билан Аичи префектураси ўртасида таълим ва маданият соҳасида самарали мулоқотлар йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва қўшма агрокластерлар ташкил этиш, туризм, академик алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш учун имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томонидан префектуранинг шериги этиб Тошкент вилояти белгиланди. Ўзаро ташрифларни ташкил қилиш ва Аичидан авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура билан учрашув ўтказди.

Нагоя Япониянинг илм-фан ва саноат тараққий этган йирик маркази бўлиб, ялпи ички маҳсулоти 117 миллиард доллардан ошади. Бу аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 52 минг долларга тенг. Машинасозлик, металлургия, кимё, нефтни қайта ишлаш, тўқимачилик, енгил саноат ҳудуднинг асосий саноат тармоқлари ҳисобланади. Япониянинг энг йирик портларидан бўлган Нагоядан йилига 110 миллион тоннадан зиёд юк ташилади.

Музокарада Нагоя мэрияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи натижасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Пойтахтимиз Тошкентда Нагоя юқори технологиялар паркини ташкил этиш, иқтисодиёт, саноат, транспорт, таълим, туризм ва бошқа устувор йўналишларда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.

2020 йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Учрашув сўнггида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Нагоя мэрияси ўртасида шериклик тўғрисида битим имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи доирасидаги навбатдаги муҳим манзил Нагоя университети бўлди.

Нагоя университети дунёдаги энг нуфузли илм-фан ва таълим масканларидан, қитъадаги ўнта энг намунали олий таълим даргоҳларидан биридир. Мазкур университетда дунёга машҳур кўплаб олимлар таълим олган ва меҳнат қилмоқда, бу ердан физика ва кимё фанлари бўйича олти нафар Нобель мукофоти совриндори етишиб чиққан. Бугунги кунда университетда 16 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Шундан 2,6 минг нафари хорижий мамлакатлар, 30 нафардан ортиғи Ўзбекистон ёшларидир. Ҳозирги кунга қадар мазкур университетда 400 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчи таълим олган.

2010 йилда Тошкентда Нагоя университетининг ваколатхонаси очилган эди. МДҲдаги ягона мазкур ваколатхона мамлакатларимиз олий ўқув юртлари учун таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Бевосита университет иштирокида икки мамлакатда мунтазам ўтказилаётган Ўзбекистон – Япония талабалар академик форуми ва олий ўқув юртлари ректорларининг анъанавий конференциялари илмий ҳаётимизда катта роль ўйнамоқда.

Давлатимиз раҳбари университет фаолияти билан танишди, унинг президенти Сейичи Мацуо билан учрашди. Учрашувда бир неча Нобель мукофоти совриндорлари ва бошқа олимлар иштирок этди.

– Сизнинг юртимизга илмий ҳамкорлигимизни ривожлантириш борасида қилаётган катта хизматларингизни алоҳида қадрлаймиз. Айниқса, ўтган йили Нобель мукофоти совриндори, профессор Рёжи Ноёри жаноблари билан биргаликда Ўзбекистонга ташрифингиз мамлакатимиз илмий ҳаётида муҳим воқеа бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сейичи Мацуонинг Ўзбекистон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эътиборга олиб, яқинда Тошкент давлат техника университети илмий кенгаши уни университетнинг фахрий ректори этиб сайлади. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан профессор Ноёрига фахрий академик унвони берилди.

Учрашувда Президентимиз Сейичи Мацуо ва Рёжи Ноёрини ушбу унвонлар билан табриклади.

Академик алмашинувларни фаоллаштириш ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар амалга оширишга келишиб олинди.

Нагоя университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга фахрий доктор унвонини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда университет раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари, талабалари ҳамда Нобель мукофоти совриндорлари, Японияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда илм-фан ва академик алмашинувларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун, шунингдек, Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган иқтисодиётни либераллаштириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасидаги ислоҳотлар эътирофи сифатида Нагоя университетининг илмий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга университет фахрий доктори унвонини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маросимда Нагоя университети президенти Сейичи Мацуо сўзга чиқиб, Ўзбекистон раҳбари икки мамлакат ўртасида илм-фан соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани, ушбу қарор томонларнинг таълим соҳасидаги узоқ муддатли ва истиқболли ҳамкорликни янада кенгайтиришга бўлган интилиши ифодаси эканини таъкидлади.

Президентимиз замонавий тараққиётнинг калити илм-фан ва таълимда эканини чуқур англаб, инсон капиталига инвестиция киритишни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда. Ўзбекистоннинг эртанги куни замонавий кадрларга боғлиқ эканини инобатга олган ҳолда, мактабгача таълим, умумий таълим ва олий таълим тизими мазмунан ва сифат жиҳатидан янгиланмоқда.

Мамлакатимизда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар яратади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ўзбек ва япон халқларини ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятлар билан бирга, илм-фан ва тафаккурга, камолотга доимо интилиб яшаш каби эзгу фазилатлар бирлаштириб туришини таъкидлади. Замонавий дунёда инсон капитали, интеллектуал салоҳият, инновацион ғоялар, юқори технологиялар жадал ва барқарор тараққиётнинг фундаментал асосини ташкил қилаётганини қайд этди.

– Бу унвонни, мен аввало Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламан ва бунинг учун Нагоя университети раҳбариятига, унинг илмий жамоасига чуқур миннатдорлик билдираман, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Ўзбекистон таълим ва фан соҳаларидаги кенг миқёсли ислоҳотлар ҳақида сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигида улкан ишлар амалга оширилганини қайд этиб, айни вақтда бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам мавжудлигини таъкидлади ҳамда қатор таклифларни илгари сурди.

Президентимиз Ўзбекистон – Япония азалий дўстлигининг рамзи сифатида мамлакатимизда ўзбек ва япон тилларида чоп этилган бир қанча китоб ва альбомларни Нагоя университети кутубхонасига тақдим этди.

Шу ерда Шавкат Мирзиёев Нагоя шаҳрида таълим олаётган ва фан билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан учрашди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида Нагоя университетида Ўзбекистон – Япония талабаларининг академик форуми ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куннинг иккинчи ярмида Токиога шаҳрига келди.

«Ханэда» халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар, таълим тизимини тиклаш масалалари вазири Хагиуда Коичи, Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Хидеки Уяма ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳридаги Акасака қароргоҳида Япония Бош вазири ўринбосари, молия вазири Таро Асони қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Олий даражадаги ташриф арафасида икки мамлакатнинг кўп сонли компания ва банклари иштирокида ўтган бизнес-форумнинг юқори натижалари юксак баҳоланди.

Учрашувда инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида солиқ соҳаси ва божхона иши бўйича имзоланаётган икки томонлама битимлар аҳамияти қайд этилиб, бу узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиши таъкидланди.

Иқтисодиёт тармоқлари ва молия тизимини ислоҳ этишнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония парламентининг «Ўзбекистон – Япония» дўстлик лигаси вакиллари билан учрашди. Тадбирда ушбу лиганинг қатор аъзолари, жумладан, унинг раиси – Япония Бош вазири ўринбосари, молия вазири Таро Асо иштирок этди.

Парламентлараро алоқалар кўп қиррали Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида алоқалар 1993 йилда ўрнатилган. Япония парламентида «Ўзбекистон – Япония» дўстлик лигаси ташкил этилган. Унинг таркибига таниқли сиёсат арбоблари, депутатлар, дипломатлар, энг асосийси, мамлакатимизнинг чинакам ва ишончли дўстлари киради.

Мулоқот чоғида икки мамлакатнинг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Япония халқлари дўстлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ҳозиргача парламентлараро форумнинг иккита қўшма мажлиси бўлиб ўтган. Унинг учинчи мажлисини Тошкентда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда JETRO, JICA, JABIC, NEDO, JOGMEC, Mitsubishi, Itochu, Sumitomo, Marubeni, Isuzu каби корпорация ва компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Учрашув аввалида 16 декабрь куни Токиода бўлиб ўтган Япония – Ўзбекистон бизнес-форуми натижалари ҳақида ахборот берилди.

Президентимиз Япония компаниялари ва молиявий тузилмаларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф қилди.

– Япония – бизнинг стратегик шеригимиз. Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ҳамкорликда кўп ишлар қилинди. Биз бу алоқалар тарихида янги саҳифа очиш ниятида келдик. Савдо, энергетика, геология, кимё, транспорт, туризм, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида имкониятлар, янги лойиҳалар кўп, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар фаол жалб этилмоқда. Хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Улар фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнесни ривожлантириш йўлидаги турли тўсиқларга барҳам берилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли даражада қисқартирилди.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ушбу янгиланишлар натижасида Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш – 2020» рейтингида Ўзбекистон кейинги бир неча йил ичида 100 поғона кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади ҳамда йигирмата энг намунали ислоҳотчи давлат қаторига кирди. Янги корхона очиш қулайлиги бўйича мамлакатимиз илк бор дунёда саккизинчи ўринни эгаллади.

Президентимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини, иқтисодиёт изчил модернизация қилинишини таъкидлади.

Япониялик тадбиркорлар юртимиздаги ўзгаришларни юқори баҳолади. Валюта тизимининг либераллаштирилиши, виза олиш тартибининг соддалаштирилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратганини таъкидлади. Улар Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги мазмун билан бойитишига ишонч билдирди.

Учрашувда икки мамлакат компаниялари ва молиявий ташкилотлари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро товар етказиш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА махсус мухбири
Япония.