Туркиялик журналистлар Бухорода

Мамлакатимизга келган бир гуруҳ туркиялик журналистлар 29 ноябрь куни Бухорода бўлди.

“Afrosiyob” тезюрар поездида Самарқанддан келган меҳмонларни “Бухоро” темир йўл вокзалида Бухоро вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Шаҳриёров ва бошқалар кутиб олди.

3.jpg

Туркиялик журналистлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган ўзаро келишувга асосан юртимизга келди.

Туркия оммавий ахборот воситалари ходимлари Шарқ гавҳари бўлган қадимий Бухоронинг дунёга машҳур тарихий-меъморий ёдгорликлари сирасига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон, Пойи Калон ҳамда Лаби ҳовуз мажмуалари, Исмоил Сомоний ва бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

11 (1).jpg

– Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, айниқса, Бухоро ҳақида кўп ўқиганмиз, эшитганмиз, – дейди “Янги Бирлик” газетаси мухбири Муса Али ўғли. – Бу ерга келиш кўпчилигимизнинг орзуимиз эди. Мана, қадим шаҳардамиз. Ёдгорликлари, меҳмондўст одамлари, умуман, барчаси ҳайратланарли. Мен ва ҳамкасбларим Бухорога сафар таассуротларимизни матбуотимиз саҳифалари ва телекўрсатувларда ҳикоя қиламиз. Бу Туркияда Ўзбекистонга қизиқишни янада оширади. Демак, сайёҳлар сони кўпаяди.

Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажумасида ҳам бўлиб, буюк аждодимиз қабрини зиёрат қилди. Ушбу масканни обод этиш ва уни табаррук зиёратгоҳга айлантириш борасида амалга оширилган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

14 (1).jpg

– Туркияда Нақшбандия тариқати, унинг эзгу ғоясини яхши билишади, – дейди «INA» ахборот агентлиги мухбири Мехмет Умер Қилич. – Биз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазаратлари қабрини зиёрат қилдик. Бундай муқаддас қадамжолар киши руҳини енгил қилади, инсонни эзгу ишларга ундайди. Мен Бухорога яна келиш, бу қутлуғ заминда яшаб ўтган Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Моҳитобон, Муҳаммад Бобои Самосий, Саид Амир Кулол каби Нақшбанд бобомизнинг устозлари қабрларини зиёрат қилишни кўнглимга тугдим.

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА