Ҳали бола давримда бўлган воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қишнинг совуқ бир туни. Ташқарида бўрон аралаш қор ёғарди. Укаларим билан иссиқ ўринда китоб ўқирдик. Онам дам-бадам печкага ўтин қаларди. Отамнинг пешинда чиқиб кетганича ҳамон келмаётганидан хавотири сезилиб турибди. Кўзим илинган экан, даҳлиздан отамнинг йўталгани эшитилди. Кўрпа остидан аллақандай ҳадик аралаш мўраладим…
– Самадбой хотинини ўласи калтаклабди. Келин шу совуқда онасиникига кетиб қолибди. Икки норасида боласининг кўзлари мунғайиб турганини кўриб юрагим эзилиб кетди, – деди отам тўнини ечар экан.
– Вой шўрим. Ҳа, унинг бундай одати йўқ эди-ку.
– Келиннинг ҳў, анов, дарбадар укаси бор-ку, уч-тўрт йилдан буён бедарак. Шу келган экан. Самадбойнинг йиққан-терганини ўмариб кетибди, ярамас. Калтак бечора келиннинг бошида синибди.
Ухлашим қийин бўлди. Самад аканинг укаларим тенги икки фарзанди кўз олдимдан кетмади. Мастура янганинг ўзим танимаган укасига нафратим чексиз эди. Бизнинг қишлоқдан ҳам ўғри чиқибди-да, деган аламли хаёл билан ухлаб қолибман…
Эрта тонг уйғониб, автобусда ишга кетар эканман, икки мўйсафиднинг бир фирибгар кирдикорлари ҳақидаги суҳбатини эшитиб, хаёлимдан шу воқеа ўтди. Ўйга толасан, киши: бу фирибгарлар, жиноятга қўл ураётганлар бизнинг тинч ва осойишта ҳаётимизга, аҳил оилаларимизга қанчалар рахна солмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида жонкуярлик билан айтаётган гаплари, амалий чора-тадбирлар туб замирида ҳам юртимиз тинчлиги, оилалар, қариндош-уруғлар аҳиллиги, миллатлараро ҳамжиҳатлик анъанаси, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар моҳияти мужассам.
Аслида фирибгарлик, товламачилик, ёхуд ҳар жиноят маънавий қашшоқлик сабаб содир этилади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мен бир оилани биламан. Уйида бирон китоб, журнал ёки газета бўлмаган. Ҳаётида мактаб дарсликларидан бошқа китоб кўрмаган, мустақил мутолаа қилмаган инсон дунёқараши, мафкураси қанчалик қашшоқ бўлишини яхши биламиз. Бу оиланинг ўғил фарзанди бугун 20 ёшдан ошди. Коллежни «даҳлизда» тугатган бу йигит бекорчиликдан жиноятга қўл урди. Қўшнисининг сигирини ўғирлаб, тоғ ортидаги танишига пуллаб юборибди. Пулни кайф-сафога сарфлаган. Кўп ўтмай жиноят фош этилди. Қишлоқчилик, қўни-қўшничилик туфайли ўғри ўғил кечирилди. Аммо «ўғри бола» деган иснодли ном олди.
Кун келиб бу йигит уйланар, фарзандли бўлар… Фарзандлари отаси орттирган иснодни кўтариб яшаши нақадар оғир.
Шу ўринда маънавий қашшоқ одамнинг раҳбарлик лавозимига келиб қолиши ҳақидаги воқеа ва унинг мудҳиш оқибатлари ёдимга тушди.
Комил ака уйига пиёда кетаётган экан. Уни хомуш кўриб, ҳол-аҳвол сўрадим (айрим истиҳолалар сабаб акани бошқа исм билан атадим).
– Уч ойдан буён ойлик бермайди, бу қурғур бошлиқ. Уйдан бўлка нонни тухум билан қовуриб олиб келиб, тушлик қилаяпмиз. Пиёда келиб-кетамиз. Бу ҳам майли. Чўнтакда пулинг бўлмаса, одамнинг уйга ҳам боргиси келмай қоларкан. Болаларимнинг юзига қарашга виждон қийналади, ука…
Ака айтган «қурғур раҳбар»ни орқаваротдан танийман. Мутахассислиги бошқа бўлса-да, хусусий журнал очган. Шунинг ортидан пул топишни мақсад қилган. Ҳали ундан, ҳали бундан катта миқдорда пул олиб, йўқ бўлиб кетиш одати бор. Ҳатто унинг «мижозлари» бу ҳақда тегишли назорат органларига шикоят қилгани қулоғимга чалинган.
Кўп ўтмай унинг қидирувда юргани, топишса суд қилиниши ҳақида хабарлар эшитдик… Ҳозир у «панжара» ортида қилмишига яраша жазосини олмоқда.
Ахир ўйлаб кўрайлик. У маънавий юксак бўлганида шу жиноятга қўл урармиди? Бировнинг ҳақи буюрмаслигини англаган бўларди. Афсус.
Сурхондарёлик дўстим ҳикояси: Жарқўрғонда товламачилар гуруҳи қўлга олинди. Улар 18 киши бўлиб, «мижозларни» маҳалласига, оиласига, иш жойига шарманда қилиш, олинган тасвирларни интернетга чиқариб юбориш, профилактика инспекторига арз қилиш билан қўрқитиб, пул ундиришар экан. Қандай қилиб, дейсизми?
Гуруҳ аъзолари ўртасида “маҳалла раиси”, “посбон”, “терговчи”, “тасвирчи”, “ҳайдовчи” ва бошқа вазифалар бўлиб олинган. Ҳар бир гуруҳ аъзоси ўз вазифасини пухталик билан ишонарли қилиб бажарган. Улар бегона эркак мижозларни алдов билан гуруҳга тегишли қизлар ёрдамида яшаш хонадонларига массаж, дам олиш баҳоналари билан чақириб, шарманда қилишган. Тасвирларни ошкор қилмаслик шарти билан улардан катта миқдорда пул ундиришган. Энг даҳшати, улар бу жирканч ишга вояга етмаган ўз фарзандларини ҳам жалб қилган. Эртага бу фарзанддан нима кутиш мумкин!?
Донишманд халқимиз айтган: юзнинг қоралиги уят эмас, юзи қоралик уят. Хулосани ўзимиз чиқарсак.